Олмаотадаги кўргазмада Ўзбекистон рассомлари асарлари намойиш этилди
Август 18, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 71
ОЛМАОТА, 18 август. /“Дунё” АА/. Олмаота шаҳар музейлари бирлашмаси галереясида “Реализмдан замонавий бадиий тажрибаларгача” номли халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Кўргазма юртимизнинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси, “ТУРКСОЙ” халқаро ташкилоти, Ўзбекистон бадиий академияси ва Қозоғистон рассомлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда ўзбекистонлик рассомлар ҳам ўз ижод намуналари билан қатнашди.
Экспозицияга Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Қўқон, Андижон, Жиззах, Нукус, Ангрен, Бекобод ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан 40 нафар муаллифнинг 63 та асари киритилди.
Кўргазма Ўзбекистон замонавий тасвирий санъатининг ранг-баранглиги – анъанавий реалистик йўналишлардан тортиб, замонавий бадиий тажрибаларгача бўлган жараёнларни акс эттирди. Ташриф буюрувчиларга турли жанр ва бадиий йўналишларда яратилган рангтасвир асарлари тақдим этилди.
Мазкур ташаббус икки халқнинг бой маданий мероси ва замонавий ижодий салоҳиятини ўзаро намоён этиш, янги ижодий лойиҳалар учун замин яратиш ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстона муносабатларни янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси