Муҳаммад Асиф Нур: Покистон ва Ўзбекистон тарихий яқинликдан стратегик шериклик сари дадил илдамламоқда

Август 18, 2026. 15:00 • 4 дақ

47
Муҳаммад Асиф Нур: Покистон ва Ўзбекистон тарихий яқинликдан стратегик шериклик сари дадил илдамламоқда

ИСЛОМОБОД, 18 август. /“Дунё” АА/. Покистон Тинчлик ва дипломатик тадқиқотлар институти ижрочи директори Муҳаммад Асиф Нур мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Самарқанд ва Бухоро ҳақида бир чиройли ўхшатиш бор: бу тарихий масканларда нур осмондан ерга эмас, гўё ердан самога кўтарилади. Асрлар давомида бу ўхшатиш ушбу заминнинг билим ва эътиқод манбаи бўлиб келган.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистоннинг барча ҳудудида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат етакчисининг оқилона сиёсати туфайли Марказий Осиё мамлакатлари янада яқинлашиб, минтақани кенг дунёга очилмоқда.

Ички ислоҳотлар Ўзбекистонга иқтисодий ишончни оширди. Қўшни давлатлар билан муносабатларнинг яхшиланиши минтақавий барқарорликни таъминламоқда. Транспорт ва савдо алоқаларининг кенгайиши барқарорликни умумий имкониятга айлантирмоқда.

“Янги Ўзбекистон” дастури давлат бошқарувининг йўналишини ўзгартириб, фуқаролар эҳтиёжларига жавоб берадиган, тадбиркорлик, инвестициялар ва ижтимоий ҳимояни миллий сиёсат марказига олиб чиқди.

Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2025 йилда 145 миллиард доллардан ошди, экспорт ҳажми 33,4 миллиард долларга етди, хорижий инвестициялар 43 миллиард доллардан ортди. Йил давомида иқтисодиёт 7,7 фоизга ўсди, 2026 йил биринчи чорагида эса йиллик ҳисобда 8,7 фоизлик ўсиш қайд этилди. 2025 йил давомида камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушди ва қарийб 1,5 миллион киши камбағалликдан чиқди.

Мамлакат раҳбарининг ташқи сиёсатдаги энг муҳим ютуғи Ўзбекистоннинг яқин қўшничилик муҳитини ўзгартирганидир. 2017 йилда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ташқи воситачиликсиз муҳим мулоқот майдонини яратди. Чегара пунктлари қайта очилди, транспорт алоқалари кенгайди, сув, энергетика ва савдо соҳаларидаги ҳамкорлик янада прагматик тус олди.

2025 йил март ойида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида имзоланган, уч давлат чегаралари туташ нуқтасига оид келишув Фарғона водийсида ўнлаб йиллар давомида мавжуд бўлган муаммони ҳал этишга ёрдам берди. Бу сиёсий ирода баҳсли чегараларни умумий иқтисодий маконга айлантириши мумкинлигини намойиш этди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан савдо айланмаси 2016 йилдаги 2,4 миллиард доллардан 2024 йилда 7,2 миллиард долларга етди. Марказий Осиё тобора умумий манфаатларга эга, кучли позицияни ифода этадиган минтақа сифатида намоён бўлмоқда.

2026 йил июль ойида Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Озарбайжон ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Афғонистонни боғлайдиган ягона тараққиёт маконини яратишни таклиф қилди. Ўзбекистоннинг минтақаларни ўзаро боғловчи ушбу ташаббуси муҳим стратегик аҳамият касб этади.

Ўзбекистон 2022 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги резолюцияси орқали халқаро эътирофга эришди. 2025 йилда бошланган ва 2026 йилда яна ўтказилган доимий Термиз мулоқоти энди дипломатик ташаббусни ҳукуматлар, бизнес ва минтақавий институтлар ўртасидаги амалий мувофиқлашувга айлантирмоқда.

Марказий Осиё Афғонистон ҳудуди орқали транспорт йўлларисиз Жанубий Осиё бозорларига тўлиқ чиқа олмайди. Шу боис таклиф этилаётган Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон темир йўли нафақат транспорт коридори, балки иқтисодий иштирокни Афғонистоннинг барқарорлик сари ҳаракатининг бир қисмига айлантиришга қаратилган ташаббусдир.

2025 йил июль ойида Кобулда имзоланган ҳукуматлараро битим, Термиз–Харлачи йўналишининг танланиши ва техник-иқтисодий асослаш тадқиқотини биргаликда молиялаштириш лойиҳага янада аниқлик берди. Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли каби йўналишлар билан боғланган ҳолда, бу коридор Марказий Осиёга Покистон денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имконини бериши, шу билан бирга транзит даромадлари, иш ўринлари ва Афғонистон ичида тинчликни рағбатлантирувчи иқтисодий манфаатларни яратиши мумкин.

Покистон ушбу стратегиянинг муҳим жанубий таянч нуқтасидир. Икки мамлакат Буюк Ипак йўли ва Бобурийлар даврига бориб тақаладиган умумий цивилизацион меросга эга. Бироқ Президент Мирзиёев муносабатларни тарихий яқинлик доирасидан чиқариб, институционал ва иқтисодий шериклик даражасига олиб чиқди.

Унинг 2026 йил февраль ойида Покистонга амалга оширган давлат ташрифи ва Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши икки томонлама муносабатларда янги босқични бошлаб берди. 2025 йил охирига келиб савдо ҳажми қарийб 500 миллион долларга етди, Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги тахминан 230 та корхона фаолият юритаётган эди. Икки ҳукумат 2029 йилга қадар савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш мақсадини белгилади ва қарийб 3,5 миллиард долларлик лойиҳалар портфелини шакллантирди.

Имтиёзли савдо битимини кенгайтириш, Ўзбекистон–Покистон Бизнес кенгаши, минтақалараро форум ҳамда фармацевтика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, кончилик ва технология соҳаларидаги ҳамкорлик ўсиш учун амалий пойдевор яратмоқда. Покистон Ўзбекистонга Араб денгизига ва 240 миллиондан ортиқ аҳолига эга бозорга чиқиш имконини беради. Ўзбекистон эса Покистон учун Марказий Осиё бозорлари ва кенгроқ Евроосиё таъминот тармоқларига кириш нуқтасини тақдим этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш