Шаҳрисабз “Жаҳон ҳунармандчилик шаҳри” расмий мақомини олди

Август 18, 2026. 16:30 • 2 дақ

80
Шаҳрисабз “Жаҳон ҳунармандчилик шаҳри” расмий мақомини олди

ШАҲРИСАБЗ, 18 август. /“Дунё” АА/. Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтган “Ироқи” каштачилик халқаро фестивалининг ёпилиш маросими доирасида шаҳарнинг ҳунармандчилик соҳасидаги халқаро мақомига бағишланган муҳим тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Туризм қўмитаси маълумотига кўра, маросим давомида “AISBL” Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Саад аль-Қаддуми Шаҳрисабз шаҳрига 2026 йилда каштачилик йўналиши бўйича “Жаҳон ҳунармандчилик шаҳри” мақоми берилганини расман эълон қилди.

Шаҳрисабзга ушбу халқаро мақомнинг берилиши шаҳарда шаклланган кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналари, хусусан, миллий каштачилик санъатининг бетакрор йўналиши бўлмиш “Ироқи” услубининг халқаро миқёсда эътироф этилганидан далолат беради.

Шунингдек ўқинг

Тадбир доирасида “Жаҳон ҳунармандчилик шаҳри” мақомини тасдиқловчи халқаро сертификат Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Шерзод Бўриевга тантанали равишда топширилди.

Ушбу мақом Шаҳрисабзнинг ҳунармандчилик ва маданий мерос соҳасидаги халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаш, миллий ҳунармандчилик анъаналарини кенг оммалаштириш, маҳаллий усталар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда шаҳарнинг туристик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, мазкур эътироф Шаҳрисабзни халқаро туристик бозорларда ҳунармандчилик ва маданий туризмнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш