Эдинбургда ўтказилган тадбирда Ўзбекистоннинг сунъий интеллект соҳасидаги салоҳияти эътироф этилди

Ноябрь 25, 2026. 18:00 • 2 дақ

• 43
Эдинбургда ўтказилган тадбирда Ўзбекистоннинг сунъий интеллект соҳасидаги салоҳияти эътироф этилди
Эдинбургда ўтказилган тадбирда Ўзбекистоннинг сунъий интеллект соҳасидаги салоҳияти эътироф этилди

ЭДИНБУРГ, 25 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси делегацияси Шотландияга хизмат сафари доирасида Эдинбург шаҳридаги Миллий робототехника марказида “Sovereign AI Power Index” рейтингининг расмий ишга туширилиш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Очилиш маросимида “Sovereign AI Power Index Ltd” (SAPI) ташкилоти асосчиси, Британия Парламентининг собиқ аъзоси Тасмина Аҳмад-Шейх нутқ сўзлади. Унинг таъкидлашича, мазкур индекс мамлакатларнинг нафақат сунъий интеллект соҳасида қандай ресурсларга эга эканини, балки улардан миллий устувор вазифаларни амалга ошириш йўлида қай даражада самарали фойдалана олишини ҳам баҳолаш имконини беради. Индекс ҳукуматлар, инвесторлар ҳамда академик доиралар учун муҳим баҳолаш мезони бўлиб хизмат қилиши кўзда тутилган.

Дастлабки тадқиқотларга кўра, Ўзбекистоннинг сунъий интеллект соҳасидаги ҳозирги кўрсаткичлари минтақадаги умумий мавқеига нисбатан юқорироқ баҳоланган ва ўхшаш мамлакатлар билан таққослаганда ижобий натижалар қайд этилган.

Шунингдек ўқинг

Жумладан, SAPI томонидан Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда рақамли трансформация соҳасида амалга ошираётган ислоҳотлари юқори баҳоланмоқда. Хусусан, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда мамлакатни Европа, Осиё ва Яқин Шарқни боғловчи рақамли хабга айлантириш бўйича белгиланган стратегик мақсадлар Ўзбекистоннинг рақамли ривожланиш соҳасидаги институционал салоҳияти изчил шаклланиб бораётганини тасдиқлаши қайд этилди.

Тадбир якунида индекс ишлаб чиқувчилари билан Ўзбекистоннинг мазкур рейтингдаги ўрнини янада яхшилаш (ҳозирда 50 та давлат орасида 28-ўрин) борасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда сунъий интеллект бўйича стратегиялар ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Индексда юқори ва мустақил равишда тасдиқланган кўрсаткичга эга бўлиш инвесторлар ва халқаро ҳамкорлар учун мамлакатимизнинг глобал рақамли экотизимдаги ўрнини намоён этувчи муҳим мезон бўлиб хизмат қилади.

“The Sovereign AI Power Index Ltd” компанияси 2026 йил 16 мартда Шотландияда рўйхатдан ўтган. У томонидан ишлаб чиқилган “Sovereign AI Power Index” мамлакатларнинг сунъий интеллект соҳасидаги суверен салоҳиятини баҳоловчи мустақил халқаро рейтинг ва таҳлилий баҳолаш тизими ҳисобланади. Индекс ягона ва изчил методология асосида 50 та давлатнинг сунъий интеллект соҳасидаги имкониятлари ҳамда институционал тайёргарлигини баҳолаб, ҳукуматлар, инвесторлар ва стратегик қарор қабул қилувчилар учун таҳлилий маълумот тақдим этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш