Москвадан муносабат: Ўзбекистон Яқин Шарқ бозорларига изчил ва самарали кириб бормоқда
Ноябрь 25, 2026. 17:30 • 3 дақ
• 36
МОСКВА, 25 ноябрь. /“Дунё” АА/. Россия Фанлар академияси Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти Яқин Шарқ тадқиқотлари марказининг кичик илмий ходими Станислав Лазовский “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 23–24 ноябрь кунлари Иорданияга амалга оширган давлат ташрифи юзасидан ўз муносабатини билдирди:
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга амалга оширган ташрифи 2025 йил август ойида Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Самарқандга ташрифи билан янги босқичга кўтарилган икки томонлама муносабатлар ривожининг мантиқий давомидир.
Ушбу ташриф нафақат савдо, балки инвестиция соҳасида ҳам ўзаро манфаатли келишувлар тузиш учун кенг имкониятлар очди.
Аввало, Ўзбекистон учун ушбу ташриф Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимнинг имзоланиши билан аҳамиятлидир. Мазкур ҳужжат ҳар икки томондан 150 тадан, жами 300 га яқин товар тури бўйича божхона божларини пасайтиришни назарда тутади. Бу Ўзбекистон маҳсулотларининг Яқин Шарқ бозорига экспортини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, Иордания ўзбек капитали учун муҳим савдо-иқтисодий платформага айланиши мумкин. Иорданиянинг АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада ҳамда Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар билан тузган эркин савдо битимлари ўзбекистонлик инвесторлар учун халқаро бозорларга янада қулай шартларда чиқиш борасида қўшимча имкониятлар яратади.
Мазкур ташриф Тошкентнинг мамлакат экспортида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш стратегиясига тўла мос келади. Чунки фармацевтика ва кимё саноатида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, технологиялар трансфери ҳамда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича келишувлар имзоланиши кўзда тутилган.
Иордания учун ушбу келишувлар Марказий Осиё бозорларига кириш эшиги вазифасини ўтайди. Мамлакатда хомашё ва табиий ресурслар чекланганини ҳисобга олсак, Марказий Осиё бозорига чиқиш унинг энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Яна бир муҳим жиҳат – имзоланган битимлар лойиҳаларни амалга ошириш ва инвестицияларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради. Бу ҳам Ўзбекистон, ҳам Иордания томонидан киритиладиган сармоялар учун сиёсий хатарларни камайтиради.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Яқин Шарқ бозорларига нафақат савдо-сотиқ, балки, энг муҳими, ўзаро инвестициялар киритиш ва қўшма корхоналар ташкил этиш орқали самарали тарзда кириб бормоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси