Деҳлида “Марказий Осиё – Ҳиндистон” таҳлил марказлари форуми бўлиб ўтди

Октябрь 13, 2026. 18:37 • 3 дақ

• 78
Деҳлида “Марказий Осиё – Ҳиндистон” таҳлил марказлари форуми бўлиб ўтди

ДЕҲЛИ, 13 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси, Халқаро Марказий Осиё институти (ХМОИ) ва Observer Research Foundation (ORF) таҳлилий маркази ҳамкорлигида илк бор “Марказий Осиё – Ҳиндистон” таҳлил марказлари форуми ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур тадбир Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида экспертлар мулоқотини ривожлантириш, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилашда муҳим қадам бўлди.

Форумда Ўзбекистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг етакчи таҳлилий марказлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида сиёсий алоқаларни чуқурлаштириш, инвестицияларни жалб этиш, қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, технологиялар алмашинуви ва минтақавий қўшилган қиймат занжирларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, муҳим минерал ресурслардан самарали фойдаланиш, яшил энергетика, рақамли технологиялар, транспорт ва инфратузилмавий боғлиқликни кучайтириш, таълим ҳамда инсон капиталини ривожлантириш каби стратегик аҳамиятга эга йўналишлар муҳокама қилинди.

Бу соҳалардаги ҳамкорлик Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш учун муҳим имкониятлар яратади.

Форум доирасида Ўзбекистон делегацияси Ҳиндистоннинг ORF,

Шунингдек ўқинг

Vivekananda халқаро жамғармаси (VIF), Ҳиндистон халқаро муносабатлар тадқиқоти кенгаши (ICWA) ҳамда “Чинтан” тадқиқот жамғармаси (CRF) вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Музокараларда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар, хавфсизлик, иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, транспорт, инновациялар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувларнинг муҳим натижаларидан бири ХМОИ ва Ҳиндистоннинг етакчи таҳлилий марказлари ўртасидаги ҳамкорликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш бўйича келишувларга эришилганидир.

Хусусан, қўшма тадқиқотлар ва таҳлилий нашрлар тайёрлаш, экспертлар ўртасида ҳамда ахборот-таҳлилий материаллар алмашинувини йўлга қўйиш, мунтазам конференциялар, давра суҳбатлари ва маслаҳатлашувлар ўтказиш режалаштирилди. Бу экспертлар тавсияларини амалий ташаббусларга айлантириш учун мустаҳкам замин яратади.

Умуман, “Марказий Осиё – Ҳиндистон” форуми минтақалараро ҳамкорликни фақат сиёсий ва иқтисодий алоқалар билан чеклаб қўймасдан, уни илмий-таҳлилий ҳамкорлик орқали бойитишга хизмат қилади.

Мунтазам экспертлар мулоқотининг йўлга қўйилиши умумий манфаатларни аниқлаш, истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, форум Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кенгайтирилган стратегик шерикликни ривожлантириш йўлидаги истиқболли платформа ҳисобланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш