Ўзбекистон ва Франция таълим ва илм-фан дастурларини биргаликда молиялаштиришга келишиб олди
Май 10, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 55ПАРИЖ, 10 май. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори Гулноза Исмаилованинг ушбу давлатга хизмат сафари амалга оширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон ва Франция ўртасида олий таълим, илм-фан ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор муҳим учрашувлар ўтказилди.
Сафар давомида Франциядаги таълим соҳасида етакчи ҳисобланган “Campus France” агентлиги билан самарали музокаралар олиб борилди.
Шунингдек, Франциянинг нуфузли олий таълим муассасалари – Sciences Po, École Nationale de l'Aviation Civile (ENAC), HEC Paris, CESI École d'Ingénieurs ҳамда қатор нуфузли университет ва илмий марказлар билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувларда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, таълим сифатини ошириш ва халқаро стандартларга мос кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистонлик талабаларнинг Франциянинг нуфузли университетларида таҳсил олиш имкониятлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Музокаралар давомида таълим ва илмий дастурларни қўшма молиялаштириш механизмларини йўлга қўйиш, қўшма таълим дастурлари ва академик алмашинувларни ривожлантириш, шунингдек муҳандислик, давлат бошқаруви, авиация, тиббиёт, сунъий интеллект ва маданият соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

