Ўзбекистон ва ЮНЕСКО Касбий таълим ва кўникмалар бўйича Глобал саммитга тайёргарлик масаласини муҳокама қилди
Май 09, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 128
ПАРИЖ, 10 май /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси кўмагида Касбий таълим агентлиги ва ЮНЕСКО Котибияти вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида томонлар 2026 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Касбий таълим ва кўникмалар бўйича Глобал саммит (Global TVET & Skills Summit)га тайёргарлик масалаларини муҳокама қилди.
Ушбу ташаббус Ўзбекистон Президенти томонидан Самарқандда ўтказилган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида илгари сурилган бўлиб, 8 апрель куни имзоланган Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорлик “Йўл харитаси”га киритилган.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон томони ЮНЕСКО таклифларини инобатга олган ҳолда янгиланган саммит Концепцияси лойиҳасини тақдим этди. Иштирокчилар тадбир формати, унинг мақоми, кутилаётган натижалар, мавзувий йўналишлар ҳамда экспертлик кўмаги кўрсатилиши мумкин бўлган шаклларни кўриб чиқди.
ЮНЕСКО вакиллари ушбу ташаббуснинг долзарблигини таъкидлаб, уни ташкилотнинг таълим, кўникмаларни ривожлантириш ва келажак меҳнат бозорлари учун кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги устувор йўналишларига мувофиқ эканини қайд этди. Айниқса, рақамли трансформация, сунъий интеллект ривожи ва “яшил” иқтисодиёт шароитида касбий таълимнинг ролига алоҳида эътибор қаратилди.
ЮНЕСКО Ўзбекистон билан саммитни тайёрлаш бўйича ҳамкорликни давом эттириш ва экспертлик ёрдамини кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Ташкилот фикрича, форум касбий таълимни ривожлантириш бўйича амалий ёндашувлар алмашинуви ҳамда давлатлар, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун халқаро майдонга айланиши мумкин.
Музокаралар якунида томонлар саммитга тайёргарликни тизимли ва амалий йўналишга эга бўлган тарзда олиб боришга келишиб олди. Таъкидланишича, ушбу тадбир касбий таълим, келажак кўникмалари ва ёшлар бандлиги масалалари бўйича узоқ муддатли халқаро мулоқот платформасига айланиши кўзда тутилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси