Покистон ОАВ: Ўзбекистон 2026 йилнинг биринчи чорагида халқаро ташкилотлар кутган натижалардан ҳам юқори иқтисодий ўсишга эришди

Май 13, 2026. 18:55 • 3 дақ

69
Покистон ОАВ: Ўзбекистон 2026 йилнинг биринчи чорагида халқаро ташкилотлар кутган натижалардан ҳам юқори иқтисодий ўсишга эришди

ИСЛОМОБОД, 13 май. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Daily Ittehad” газетаси ва “Pakistan Economic Network” электрон нашрида Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш суръатларига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири.

Нашрларда Ўзбекистонда биринчи чоракда эришилган иқтисодий ўсиш суръатлари таҳлил қилинган ва бу халқаро ташкилотлар кутган натижалардан ҳам юқори бўлгани таъкидланган. Осиё тараққиёт банки биринчи чорак учун 6,7% ўсишни прогноз қилган эди. Жаҳон банки дастлаб 6% деб баҳолаган, аммо апрель ойида бу прогнозни 6,4%гача оширди. Халқаро валюта жамғармаси ҳам апрель ойида ўз прогнозини 6,2%дан 6,8%га кўтарди.

“Амалда эса Ўзбекистон иқтисодиёти 8,7%га ўсди. Жорий нархларда ялпи ички маҳсулот ҳажми 36,9 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, эришилган натижага энг яқин прогнозни Ўзбекистон Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази берган бўлиб, у йил бошида биринчи чоракда иқтисодий ўсишни 7% даражасида бўлишини тахмин қилган эди”, – дейилган материалларда.

Шунингдек, Покистон ОАВ Ўзбекистонда фаол амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг иқтисодий ўсишни жадаллаштиришдаги салмоқли ҳиссасини урғулаган. Бу ҳолат жорий йилда Иқтисодий эркинлик индексида ҳам қайд этилди: Ўзбекистон 14 поғонага юқорилаб, илк бор иқтисодиёти ўртача эркин давлатлар қаторига кирди.

Шунингдек ўқинг

Мақолаларда ёзилишича, йил бошидан Ўзбекистонда инфляция ва нархлар барқарорлигини бошқаришнинг янги тизими фаол жорий этилди. Барча масъул раҳбарлар ва вилоят ҳокимлари учун 2026 йилдаги асосий вазифа сифатида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш ҳамда йиллик инфляция даражасининг 6,5%дан ошиб кетишига йўл қўймаслик белгиланди.

“Шундай жадал иқтисодий ўсиш туфайли Ўзбекистон давлат бюджети даромадлари ҳам биринчи чоракда барқарор ўсди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35%га ошди. Бюджетга тушган солиқлар 24%га, божхона тўловлари эса ўтган йилга нисбатан 20%га кўпайди. Биринчи чоракда Ўзбекистонда инвестиция фаоллиги рекорд даражага етди. Асосий капитал ва ривожланиш лойиҳаларига йўналтирилган инвестициялар ҳажми 12,85 миллиард долларни ташкил этиб, 41,5%га ўсди”, – деб қайд этилган материалларда.

Бундан ташқари, биринчи чоракда товарлар ва хизматлар умумий экспорти барқарор ўсиш тенденциясини намоён этиб, 5,8 миллиард долларга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26% ёки 1,2 миллиард долларга кўпдир. Экспорт ҳажмининг ўсиши республикадаги 147 та туман ва шаҳарда таъминланди. Натижада экспортчи корхоналарнинг умумий сони 4 мингтага етди.

 Покистон ОАВ жорий йилнинг ушбу даврида 167 минг нафар аҳоли доимий иш билан таъминланди, 737 минг нафар фуқарога эса қўшимча даромад манбаларини яратиш ва моддий аҳволини яхшилаш бўйича кўмак берилганини эътироф этган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш