“BBC News”да “Ўзбекистонда тутқич бермас қор қоплонини қидириш” номли ҳужжатли фильм намойиш қилинди
Март 05, 2026. 10:44 • 2 дақ
• 77
ЛОНДОН, 5 март. /“Дунё” АА/. Британиянинг машҳур “BBC News” телеканалида “Ўзбекистонда тутқич бермас қор қоплонини қидириш” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“BBC News” телеканалида Ўзбекистоннинг Ҳисор қўриқхонасида яшайдиган қор қоплони ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди. Ушбу ҳужжатли фильм сайёрамизнинг энг ноёб ва яширин йиртқичларидан бири бўлган қор қоплонини ўрганиш ва сақлашга бағишланган.
Британиялик суратга олиш гуруҳи юртимизнинг алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудида жойлашган Ҳисор тоғ тизмасининг олис ҳудудларига киришга муваффақ бўлган биринчи халқаро жамоалардан бири бўлди.
Улар ўзбекистонлик олимлар ва қўриқхона инспекторлари билан биргаликда бир неча кун давомида баланд тоғ шароитида фотоқопқонлар ўрнатиш, изларни ўрганиш ва биологик материаллар тўплаш билан шуғулланишди. Қаттиқ иқлим, ўтиш қийин бўлган рельеф ва экстремал паст ҳароратга қарамай, жамоа қор қоплонининг минтақада барқарор мавжудлигини тасдиқловчи ноёб кадрларни олишга муваффақ бўлди.
Фильмда деярли бузилмаган ҳолда сақланиб қолган Ҳисор экотизимига алоҳида эътибор қаратилган. 800 квадрат километрдан ортиқ майдонни эгаллаган қўриқхона 270 дан ортиқ турдаги ҳайвонлар ва 1,2 мингдан ортиқ ўсимлик турлари учун муҳим бошпана бўлиб қолмоқда. У ерда қор қоплонларининг сони аста-секин кўпайиб бормоқда ва бугунги кунда 60 га яқин зотга етди, бу эса узоқ муддатли муҳофазанинг ижобий таъсиридан далолат беради.
Ҳужжатли фильм нафақат “тоғлар шарпаси”нинг ноёб кадрларини намойиш этади, балки инсон ва ёввойи табиат ўртасидаги ўзаро таъсирнинг муҳим масалаларини ҳам кўтаради.
Муаллифлар маҳаллий ҳамжамиятлар билан ишлаш ва табиатни муҳофаза қилиш соҳасида трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратади. Ноёб турларни муваффақиятли ҳимоя қилиш фақат олимлар, давлат ва жамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали мумкинлиги, қор қоплонини сақлаб қолиш эса Марказий Осиёнинг нозик тоғ экотизимларини сақлаб қолиш рамзига айланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси