Ўзбекистон–Буюк Британия онлайн таълим форуми ўтказилди
Февраль 26, 2026. 11:47 • 2 дақ
• 63
ЛОНДОН, 26 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масъуллари, маҳаллий ОТМлар, Лондондаги элчихона ҳамда Британиянинг Southern Universities Management Services (SUMS) компанияси вакиллари ўртасида онлайн таълим форуми ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
SUMS Буюк Британияда жойлашган, олий таълим муассасаларига бошқарув ва стратегия бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатувчи ташкилоти ҳисобланади. Олий таълим соҳасида катта тажрибага эга профессионал консультантлар жамоаси бўлиб, университетларга замонавий ва самарали бошқарув қарорларини ишлаб чиқишда ёрдам беради. Муассаса Буюк Британиядаги энг нуфузли ОТМлар билан ҳамкорлиги йўлга қўйилган.
Форумда вазирлик масъуллари томонидан ҳозирда Ўзбекистонда олий таълим тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ҳозирги кундаги нуфузли ва истиқболли йўналишлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Онлайн тадбир давомида SUMS раҳбари Жоэл Арбер ва бошқа мутахассислар томонидан унинг фаолияти тўғрисида маълумот берилди. Хусусан, ташкилот қуйидаги асосий вазифаларда
Ўзбекистон ОТМларига кўмаклашишга тайёр экани билдирилди.
Мулоқот давомида университетлар учун стратегик режалар ишлаб чиқиш, бошқарув ва раҳбарлик тизимларини таҳлил қилиш, ташкилий тузилмаларни оптималлаштириш, таълим сифатини яхшилаш, молиявий барқарорликни ошириш, рақамли ва институционал трансформацияни амалга ошириш, таълим ва бошқарувда инновацияларни жорий этиш масалаларида фикр алмашилди.
Бундан ташқари, SUMS Британия университетларининг хорижий мамлакатларда ўз кампусларини ташкил этиш ва ОТМлар ўртасида “dual diploma” ва бошқа турдаги илмий ҳамда академик ҳамкорликларга кўмаклашиш йўналишларида юқори тажрибага эга экани таъкидланди.
Форум давомида ўзаро тажриба алмашиш, қўшма таълим ва илмий лойиҳаларни йўлга қўйиш, кадрлар малакасини ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, университетлар фаолиятини халқаро рейтинг кўрсаткичлари асосида такомиллаштириш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
