Россиянинг Ростов-Дон шаҳрида ватандошлар учун ифторлик дастурхони ёзилди
Февраль 26, 2026. 11:41 • 2 дақ
• 62РОСТОВ-ДОН, 26 февраль. /“Дунё” АА/. Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан мамлакатимизнинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан мазкур ҳудудда меҳнат қилаётган ватандошларимиз учун ифторлик тадбири ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Дипломатик ваколатхона бошчилигида ўтказилган мазкур маданий-маънавий тадбирда 120 дан ортиқ ҳамюртларимиз, Россиянинг Ростов вилоятида истиқомат қилаётган ўзбекистонлик қорилар иштирок этди.
Тадбир аввалида Бош консул Бурхон Алиқулов сўзга чиқиб, муқаддас ойни муносиб ўтказиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди. Давлатимиз раҳбари томонидан хориждаги фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида устувор аҳамият берилаётгани таъкидланди.
Бош консулхона дипломатлари турли ёд ғоялар ва жиноий гуруҳлар таъсиридан эҳтиёт бўлиш, бу борада айниқса, ёшларнинг ҳушёрлигини ошириш муҳимлигини қайд этди.
Тадбир давомида қорилар томонидан Қуръон тиловат қилиниб, юртимиз тинчлиги ва равнақи учун дуолар ўқилди. Диний соҳа вакиллари миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик барқарорлик гарови эканини, Рамазон ойи ўзаро меҳр-оқибат ва саховат кўрсатиш учун энг қулай фурсат эканини таъкидлади.
Ифторлик дастурхони атрофида жам бўлган ҳамюртларимиз мусофир юртда Ватан соғинчи ва Рамазон файзини ҳис қилганини билдирди. Ватандошларимизнинг бу каби хайрли тадбирлар мусофирликда бирдамлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилишини эътироф этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



