Ригада қашқадарёлик тадбиркорлар учун махсус шоурум очилади
Февраль 26, 2026. 11:34 • 1 дақ
• 53РИГА, 26 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Қашқадарё вилояти делегациясининг Рига шаҳрига ташрифи ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида Латвия савдо-саноат палатасида бизнес-форум ва B2B форматидаги музокаралар ўтказилди. Тадбирда Қашқадарё вилоятининг инвестициявий жозибадорлиги, мамлакатимизда тадбиркорлар учун яратилган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда қулай сармоявий муҳит ҳақида батафсил маълумот берилди.
Латвиялик ишбилармонлар Ўзбекистон бозорининг очиқлиги ва юқори салоҳиятини эътироф этиб, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга катта қизиқиш билдирди.
Делегация аъзолари Латвиянинг етакчи саноат корхоналари, жумладан, балиқни қайта ишлашга ихтисослашган “Karavela” компанияси ҳамда “Rīgas Laku un krāsu rūpnīca” бўёқ ва лақ заводи фаолияти билан яқиндан танишди.
Мулоқотлар давомида замонавий технологияларни жалб этиш ва ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш бўйича технологик ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Ташрифнинг муҳим воқеаси сифатида Ўзбекистон–Латвия савдо уйида имзоланган ҳамкорлик меморандумини қайд этиш лозим. Ушбу ҳужжат Қашқадарё вилояти ва Латвия ишбилармонлари ўртасидаги алоқаларни тизимли равишда ривожлантиришга хизмат қилади.
Иштирокчилар Рига шаҳрида қашқадарёлик тадбиркорлар учун махсус showroom (турли маҳсулотлар намойиш қилинадиган кўргазма зали) очиш бўйича келишиб олди. Бу платформа воҳа маҳсулотларини нафақат Латвия, балки бутун Европа бозорларига чиқаришда муҳим экспорт дарвозаси бўлиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


