Ўзбекистон–Латвия ўртасида меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш масаласи муҳокама қилинди
Февраль 02, 2026. 10:38 • 2 дақ
• 138
РИГА, 2 февраль. /“Дунё” АА/. Икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор Ўзбекистон–Латвия ташқи сиёсат идоралари ўртасида консуллик маслаҳат учрашувлари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон дипломатлари Латвия Ички ишлар вазирлиги, Фаровонлик вазирлиги, Чегара хизмати ва Давлат меҳнат инспекцияси вакиллари билан самарали музокаралар ўтказди.
Учрашувда консуллик ва миграция соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди. Консуллик хизматларини рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар фуқароларни консуллик ҳисобига қўйиш соҳасида тажриба алмашиб, икки давлат фуқароларининг ўзаро сафарлари шартларини муҳокама қилди.
Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Эришилган келишувлар натижасида Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонаси расмий сайтида фуқаролар ўз меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Латвия давлат меҳнат инспекциясига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш механизми яратилди.
Латвия томони Ўзбекистон томонидан илгари юборилган Миграция ва мобиллик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим лойиҳасини кўриб чиқишни тезлаштиришга тайёрлигини билдирди.
Латвиялик иш берувчилар билан музокараларнинг амалий натижаси йил давомида мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароларини қонуний асосда, муносиб меҳнат шароитлари ва иш ҳақи билан жалб қилиш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, “Kreiss” йирик транспорт-логистика компанияси Ўзбекистонда профессионал ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича ўқув марказларини очиш ниятини билдирди.
Ўтказилган музокаралар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг меҳнат миграциясининг хавфсиз, қонуний ва шаффоф механизмларини яратиш, халқаро шерикликни кенгайтириш, хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича режали ва манзилли иш олиб бораётганини яққол кўрсатди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
