Наманган шаҳрида малакаларни баҳолаш ва сертификатлаш марказини очиш юзасидан келишувга эришилди
Январ 17, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 152
АНҚАРА, 18 январь. /“Дунё” АА/. Элчихона дипломатлари Туркиянинг Касбий малакаларни баҳолаш идораси тасарруфидаги “Arya” касбий малакаларни сертификатлаш маркази масъуллари билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот жараёнида Туркия ва Европа мамлакатларида ишлаш истагини билдирган фуқаролар учун Ўзбекистон ҳудудида касбий малакаларни баҳолаш ва сертификатлаш синовларини ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Касбий малакаларни баҳолаш идораси Туркия Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги тасарруфидаги идора бўлиб, касбий малака тизимини яратиш ва йўлга қўйиш мақсадида 2006 йилда ташкил этилган. Марказ томонидан бериладиган касбий малака сертификатлари Европа мамлакатларининг аксарият иш берувчи ташкилотлари томонидан тан олинади ва ушбу мамлакатларда ишга жойлашиш имкониятини яратади.
Марказ томонидан 2025 йил давомида 2500 нафар Ўзбекистон фуқаролари касбий малака сертификатлари билан таъминланган. Ушбу фуқароларнинг барчаси “Akkuyu” (Akkuyu Nükleer Güç Santrali) АЭС қурилиши лойиҳасига ишга жалб қилинган.
Суҳбат давомида Ангрен ва Гулистон шаҳарларида касбий малака синовларини ўтказиш учун тайёрланган марказлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Жорий йил якунига қадар, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида махсус ихтисослаштирилган ўқув маркази биноси очилиши, ушбу марказда касбий малака синовларини ўтказиш учун барча шароитлар яратилиши таъкидланди.
Учрашув якунида, 2026 йил давомида “Akkuyu” АЭС лойиҳасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган яна 2000 нафар Ўзбекистон фуқаролари учун Ангрен ва Гулистон шаҳарларида касбий малакаларни баҳолаш ва сертификатлаш учун синовларни ташкил қилиш, Наманган шаҳрида ҳам малакаларни баҳолаш ва сертификатлаш марказини очиш юзасидан келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси