Бутунжаҳон туркий тиллар оиласи кунига бағишланган маданий-маърифий тадбир ўтказилди
Февраль 02, 2026. 11:20 • 51 сония
• 88МАДРИД, 2 февраль. /“Дунё” АА/. Испания пойтахтида Бутунжаҳон туркий тиллар оиласи кунига бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Испаниядаги дипломатик корпус ходимлари, маданият ва таълим соҳаси вакиллари ва туркий давлатлар диаспоралари иштирок этди.
“Биз бир-биримизни тушунамиз” шиори остида ўтказилган мазкур тадбирдан асосий мақсад қатнашчиларни ўзбек, турк ва озарбайжон тиллари, адабиёти ҳамда маданияти билан яқиндан таништириш, туркий тиллар вакилларининг ўзаро яқинлиги, халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарликни намоён этишдан иборат бўлди.
Дастур доирасида туркий тилларнинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни, хусусан, ўзбек, турк ва озарбайжон тилларининг шаклланиш ва ривожланиш тарихи, уларнинг муштарак ва фарқли жиҳатларига бағишланган тақдимотлар намойиш қилинди.
Иштирокчилар учун халқ оғзаки ижодидаги умумий мақол ва ибораларни аниқлашга қаратилган интерактив дастур ташкил этилди. Бу меҳмонларга туркий мамлакатларнинг бой маънавий мероси билан яқиндан танишиш имконини берди.
Тадбир якунида меҳмонлар ўзбек, турк ва озарбайжон миллий таомларидан татиб кўрди. Ушбу маданий-маърифий кеча илиқ ва дўстона руҳда ўтди ва иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




