Logo

“National Geographic”: Ўзбекистоннинг ҳар бир маскани тарих ва замонавийлик билан уйғунлашган

Февраль 12, 2026. 11:44 • 3 дақ

84
“National Geographic”: Ўзбекистоннинг ҳар бир маскани тарих ва замонавийлик билан уйғунлашган

ВАРШАВА, 12 февраль. /“Дунё” АА/. Нуфузли “National Geographic” халқаро журналида польшалик журналист ва ёзувчи Паулина Вилкнинг Ўзбекистон бўйлаб қилган саёҳатига бағишланган репортажи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Муаллиф дастлабки сатрларданоқ ўқувчини ёш, шижоатли, шиддат билан ўзгариб бораётган тунги Тошкент муҳитига олиб киради. Паулина Вилк тасодифий учрашувлар орқали замонавий ўзбек жамиятининг очиқлиги ва динамикаси ҳиссини етказади. Унинг эътиборини анъаналар ва модернизация уйғунлиги тортади – нафис либослар ва эски одатлар, хушмуомалалик ва ишбилармонлик, дашт чанглари ва янги қурилишларнинг шиша фасадлари.

Репортажда Тошкентнинг маънавий юраги – Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган. Муаллиф қадимий зиёратгоҳлар ва кенг кўламли Ислом цивилизацияси марказининг қўшнилиги рамзий маънога эга эканини таъкидлайди. Ислом цивилизацияси марказига ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси – VII асрда қўлда кўчирилган Усмон мусҳафи ва яна 114 дона турли даврларда кўчирилган мусҳафлар жойлаштирилган.

“Афросиёб” тезюрар поездида Самарқандга саёҳат китобхон кўз ўнгида Шоҳизинда ва Регистон ансамблининг улуғворлигини намоён этади. Шахсий ҳикоя муҳим тафсилотга айланади: муаллиф ҳозирги таъмирланган Регистонни 1991 йилда бу ерда тушган онасининг сурати билан таққослайди.

Ўтмиш ва ҳозирги замон ўртасидаги қарама-қаршилик сўнгги ўн йилликларда содир бўлган ўзгаришларнинг кўламини таъкидлайди. Самарқанд музей макони эмас, балки жонли шаҳар – оилавий ресторанлар, Сиёб бозори ва кечки ёруғлик шоулари билан гавдаланади.

Бухорода журналист тарихий марказнинг эҳтиёткорлик билан таъмирланаётгани ва маҳаллий аҳоли “Дубай” деб атайдиган замонавийлик ва нафосат тимсоли бўлган янги маҳаллалар пайдо бўлаётганига эътибор қаратади. Вилк ҳунармандчилик анъаналарини, ошхонани, ҳовлилардаги кечки мусиқани батафсил тасвирлайди. Буларнинг барчаси шаҳарнинг шошилмайдиган, илдиз отган ҳаёт макони сифатидаги қиёфасини яратади.

Репортажда Хива деярли эртакдагидек кўринади – кун ботгандан сўнг ёритилган Ичан қалъа “саҳродаги қимматбаҳо буюм”га айланади. Мадрасадаги тун, муаззиннинг эрталабки чақириғи, пахса деворлар ва миноралар “узоқ Осиё дарвозаси” қиёфасини шакллантиради. Шундан сўнг муаллиф Фарғона водийсига – ҳунармандлар, тўқувчилар ва кулоллар минтақасига саёҳат қилади. Бу ерда ипак ва пахта матоларини ишлаб чиқаришнинг анъанавий технологиялари ҳали ҳам мавжуд.

Паулина Вилк ўз саёҳатини тарихий глобаллашув рамзига айланиб бораётган Тошкентнинг Чорсу бозорида якунлайди. У товарлар, таъмлар ва ҳидлар тасвири орқали айнан шундай маконлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаб, маданий алоқалар ва ғоялар алмашинувини шакллантирган, деган фикрни илгари суради.

“Тошкент, Хива, Бухоро, Самарқанд” репортажи – бу европалик муаллифнинг Ўзбекистонга ўзгача жозибали мамлакати сифатида қараши: қадимийлик ва замонавийлик, дашт чанги ва феруза гумбазлар, маҳаллий анъаналар ва глобал контекст.

“Geographic Traveler” журналида чоп этилган материал Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий меросига, унинг замонавий ривожланишига халқаро миқёсда қизиқиш ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш