Польшада топилган ўзбекистонлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг “Жасорати учун” медали ватанимизга қайтарилади

Ноябрь 24, 2026. 15:00 • 2 дақ

• 33
Польшада топилган ўзбекистонлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг “Жасорати учун” медали ватанимизга қайтарилади

ВАРШАВА, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Польшадаги элчихонаси дипломатлари ушбу давлат Маданият ва миллий мерос вазирлиги давлат котиби Божена Желазовска билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Мазовия воеводалиги ёдгорликларни муҳофаза қилиш идораси, Польша Қизил Хоч ташкилоти ҳамда бошқа тегишли муассасалар вакиллари иштирок этди.

Учрашувнинг энг муҳим воқеаси – Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган, 1925 йилда туғилган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчи Куздаев Урун Басарга тегишли “Жасорати учун” (“За отвагу”) медалини Ўзбекистон томонига тантанали топшириш маросими бўлди. Мазкур кўкрак нишони Польша ҳудудида олиб борилган эксгумация ишлари жараёнида топилган.

Келишувга кўра, ушбу тарихий мукофот Ўзбекистон Маданият вазирлиги орқали мамлакатимиздаги тегишли музейлардан бирига жўнатилади ва ватандошимиз хотирасини абадийлаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек ўқинг

Музокаралар чоғида томонлар тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва икки мамлакатнинг ваколатли идоралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

Мазовия воеводалиги ёдгорликларни муҳофаза қилиш идораси ҳамда Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва сақлаш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олинди.

Бўлиб ўтган учрашув ва эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, тарихий хотирани эъзозлаш ҳамда замонавий театр санъати инфратузилмасини шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш