ЮНЕСКО форумида Ўзбекистоннинг мактабгача таълим соҳасидаги тажрибаси намойиш қилинди
Ноябрь 24, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 51ПАРИЖ, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. Франция пойтахтида ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳамкорлигида мактабгача ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш масалаларига бағишланган форум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Форумда ЮНЕСКО Бош директори Холид ал-Аноний, Ижроия кенгаши раиси Носир бин Ҳамад ал-Ҳинзаб, Шаржа Оила ва жамият кенгаши раиси шайх Жавоҳир бинт Муҳаммад ал-Қосимий, ЮНЕСКО Бош директорининг таълим масалалари бўйича ўринбосари Цюнь Чэн, аъзо давлатлар вазирлари, таълим соҳаси раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, экспертлар, маҳаллий ҳокимият ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.
Мазкур юқори даражадаги тадбирда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этиб, мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган натижаларни халқаро ҳамжамиятга тақдим этди.
Учрашув давомида Ўзбекистон таълим ва илм-фан вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Юлдашев сўнгги йилларда соҳага йўналтирилаётган давлат инвестициялари сезиларли даражада оширилгани, давлат-хусусий шериклик механизмлари кенгайтирилгани ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи изчил ривожланаётганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, мамлакатда мактабгача таълим билан қамров даражаси 2016 йилдаги 30 фоиздан кам кўрсаткичдан бугунги кунда 78 фоизга етди. Натижада қарийб 2,4 миллион нафар бола мактабгача таълим хизматлари билан қамраб олинди.
Педагог кадрлар малакасини ошириш, ҳудудлар ўртасидаги таълим имкониятлари фарқини қисқартириш, “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотларини ривожлантириш ва уч ёшгача бўлган болалар учун таълим хизматларини кенгайтириш келгусидаги устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Форумда Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО ҳомийлигида фаолият юритаётган Мактабгача ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича минтақавий марказ фаолияти ҳам намойиш қилинди. Ўзбекистон томонидан мазкур марказни минтақада мактабгача таълимни режалаштириш ва молиялаштириш бўйича илғор тажриба алмашиш платформаси сифатида ривожлантириш таклиф этилди.
Ушбу халқаро форум Ўзбекистоннинг мактабгача таълим соҳасидаги тажрибасини намойиш этиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва соҳани янада ривожлантириш бўйича янги ташаббусларни илгари суриш учун муҳим майдон бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


