Беларусь ОАВ: Тошкентнинг “Туркий дунёнинг туризм пойтахти” деб эълон қилиниши ўзаро сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилади
Ноябрь 24, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 8МИНСК, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. Беларуснинг соҳавий ва ахборот нашрларида Ўзбекистон пойтахтига “2027 йилда Туркий дунёнинг туризм пойтахти” мақоми берилганига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Беларусь туристик ташкилотлари республика иттифоқи (РСТО) порталида “Тошкент — 2027 йилда Туркий дунёнинг туризм пойтахти” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда Истанбулда бўлиб ўтган тантанали маросим ҳақида сўз юритилиб, мазкур тадбирда Ўзбекистон 2026 йилда ушбу унвонга эгалик қилган Анқарадан эстафетани қабул қилиб олгани қайд этилган.
Беларуслик журналистларнинг қайд этишича, янги мақом Тошкентнинг маданий-тарихий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, гуманитар алмашинувларни кенгайтириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Нашрларда 2027 йилга мўлжалланган халқаро форумлар, кўргазмалар ва маданий фестиваллар дастури ҳақида ҳам маълумот берилган.
Соҳавий медиа нашрлари Тошкентга бўлган қизиқиш ортиб бораётганини туризм соҳасидаги Ўзбекистон – Беларусь мулоқоти фаоллашгани билан ҳам боғламоқда. Уларнинг фикрича, ушбу янги мақом II Ўзбекистон – Беларусь туризм форуми ҳамда “Ипак йўлида туризм” 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси арафасида беларуслик туроператорлар учун қўшма сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш ва ўзаро сайёҳлар оқимини кўпайтириш борасида янги имкониятлар очади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

