Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг янги имкониятлари

Сентябрь 07, 2026. 18:00 • 7 дақ

68
Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг янги имкониятлари

ТОШКЕНТ, 7 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) етакчи илмий ходими Мадинабону Қаюмова “Дунё” ААга Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугун бошланаётган Сербияга расмий ташрифидан кутилаётган натижалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сербияга бўлажак ташрифи икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим босқич бўлиши мумкин. Сўнгги бир йил давомида Тошкент ва Белград ўртасидаги сиёсий мулоқот сезиларли даражада фаоллашиб, янада тизимли тус олди. Шу нуқтаи назардан, эришилган сиёсий мулоқот даражасини аниқ савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва гуманитар лойиҳаларга айлантириш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Бугунги ижобий динамика қарийб ўттиз йил давомида шаклланган муносабатларга таянади. Сербия Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 31 декабрда тан олган, икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар эса 1995 йил 18 январда ўрнатилган. Дастлабки йилларда алоқалар Югославия Иттифоқ Республикасининг Тошкентдаги дипломатик ваколатхонаси орқали олиб борилган. 2003 йилда Сербияда юзага келган иқтисодий вазият сабабли мазкур дипломатик миссия ўз фаолиятини тўхтатган.

Муносабатлар 2025 йилда янги суръат касб этди. Сентябрь ойида Пекинда Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Президенти Александр Вучич ўртасида суҳбат бўлиб ўтди. Сербия етакчисининг 28–31 октябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган илк расмий ташрифи муҳим воқеа бўлди. Музокаралар якунида давлат раҳбарлари Қўшма декларацияни имзоладилар, шунингдек, иқтисодиёт, инвестициялар, таълим, туризм, меҳнат миграцияси ва ҳамкорликнинг бошқа йўналишларини қамраб олган ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўплами қабул қилинди.

Элчиларнинг ўзаро аккредитацияси ҳам муҳим институционал қадам бўлди. 2025 йил 7 июлда Ўзбекистоннинг Сербиядаги биринчи элчиси Сербия Президентига ишонч ёрлиқларини топширган бўлса, 27 октябрда Сербиянинг Ўзбекистондаги элчиси Ўзбекистон томонига ишонч ёрлиқларини топширди.

Алоқаларнинг юқори суръати 2026 йилда ҳам сақланиб қолди. Апрель ойида икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари Анталия дипломатия форуми доирасида музокаралар ўтказди, май ойида эса Сербия ташқи ишлар вазири Марко Журич Ўзбекистонга ташриф буюрди. 18 май куни Шавкат Мирзиёев ва Алексангдр Вучич Бокуда бўлиб ўтган Бутунжаҳон шаҳарсозлик форуми доирасида яна учрашдилар. Июль ойида етакчилар телефон орқали мулоқот қилдилар, 3 август куни эса Белградда икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг учинчи раунди бўлиб ўтди.

Сиёсий мулоқот икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш билан босқичма-босқич тўлдирилмоқда. Олий Мажлис палаталарида Сербия Халқ мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ тузилди. Сенат раиси Танзила Нарбаева 2026 йил июнь ойида Парламентлараро иттифоқнинг парламентдаги аёл аъзоларининг глобал конференциясида иштирок этиш учун Белградга ташриф буюрган бўлса, бир неча ҳафта ўтгач, Тошкент "Сербия-Ўзбекистон" парламент дўстлик гуруҳи раиси Александр Маркович бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Шаклланган сиёсий ва институционал база иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай шароит яратмоқда. Шу билан бирга, унинг бугунги кўлами мавжуд салоҳиятга нисбатан анча пастлигича қолмоқда. 2025 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми қарийб 12 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистонда Сербия капитали иштирокидаги 9 та корхона фаолият юритмоқда. Бу савдо ҳажмини ҳам, ишлаб чиқариш кооперациясини ҳам сезиларли даражада кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатади.

Икки томонлама муносабатларнинг маданий-гуманитар йўналиши ҳам босқичма-босқич кенгаймоқда. Бу борада Сербия Президентининг 2025 йил октябрь ойидаги ташрифи давомида Тошкент ва Белград ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битимнинг имзоланиши муҳим қадам бўлди. Мазкур ҳужжат икки пойтахт ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Сўнгги бир йил давомида эришилган тараққиёт бир неча йўналишда янада тизимли иш олиб боришга ўтиш учун асос яратмоқда.

Биринчидан, савдо-иқтисодий соҳада катта салоҳият сақланиб қолмоқда. Ўзбекистон экспорти номенклатурасини кенгайтириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар улушини ошириш ва имтиёзли савдо режимини шакллантириш устувор йўналишлар бўлиши мумкин. 2026 йил февраль ойида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Сербия Бош вазири ўринбосари Адриану Месарович ушбу масалани келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиладилар.

Савдони кенгайтириш учун ҳар икки томонда ҳам иқтисодий имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон тўқимачилик, кимё, озиқ-овқат саноати ва машинасозлик соҳаларида жадал ривожланаётган саноат базасига эга. Сербия эса, ўз навбатида, Европа Иттифоқи бозорига имтиёзли кириш имконияти ва эркин савдо тўғрисидаги битимларнинг кенг тармоғига эга. Бу нафақат ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажмини ошириш, балки келгусида учинчи мамлакатлар бозорларига чиқиш имконини берадиган ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш учун ҳам шароит яратади.

Шунингдек ўқинг

Иккинчидан, транспорт боғлиқлигини ривожлантириш амалий жиҳатдан катта қизиқиш уйғотади. 2026 йил февраль ойида Белградда Ўзбекистон делегацияси ва Сербия транспорт соҳаси вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Алоҳида учрашувлар давомида Сербиан Раилвайс Инфраструстуре компанияси билан темир йўл соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари, Аир Сербиа авиакомпанияси билан эса Тошкент ва Белград ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш имконияти муҳокама қилинди.

Тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик, сайёҳлик, таълим ва гуманитар алоқаларни сезиларли даражада осонлаштириши мумкин. Шу билан бирга, Марказий Осиё ва Болқон давлатлари ўртасида юк ташувларини ривожлантириш ҳам истиқболли йўналиш ҳисобланади. Истиқболда Ўзбекистон иштирокидаги йўналишларда юк базасининг ўсиши Марказий Осиё ва Европа бозорлари ўртасидаги бундай алоқага бўлган талабни янада ошириши мумкин.

Учинчидан, меҳнат мобиллигини ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон ташкиллаштирилган ташқи меҳнат миграцияси тизимини изчил шакллантириб, малакали кадрларни тайёрлаш борасида ўзини ишончли ҳамкор сифатида намоён этиб келмоқда. Миграция агентлиги маълумотларига кўра, мамлакат мазкур соҳада 23 та давлат билан 48 та келишувга эга.

Ушбу тажриба Сербия билан ҳам шунга ўхшаш механизмни йўлга қўйиш учун амалий асос яратади. Тегишли келишувларга эришилиши ташкиллаштирилган ишга жойлаштиришнинг шаффоф механизмларини шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда айни пайтда икки мамлакат ўртасида тартибга солинган меҳнат мобиллигини ривожлантиришга хизмат қилади.

Бу тажриба Сербия билан ҳам шундай механизмни йўлга қўйиш учун амалий асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Тегишли келишувларга эришиш фуқароларни ташкилий асосда ишга жойлаштиришнинг шаффоф механизмларини жорий этиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасида тартибга солинган меҳнат мобиллигини ривожлантириш имконини беради.

Тўртинчидан, таълим ва илмий-технологик ҳамкорлик ҳам катта имкониятларга эга. 2025 йил октябрь ойида имзоланган таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим мазкур йўналишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади. Ўзбекистонлик талабаларнинг Сербия давлат таълим дастурларида, жумладан, «Сербияда дунё» стипендия дастурида иштирок этиши амалий ҳамкорлик йўналишларидан бири бўлиши мумкин.

Ўзбекистон олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар фонида бундай ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари янада ортмоқда. Бугунги кунда мамлакатда 215 та олий таълим муассасаси, жумладан, хорижий таълим муассасаларининг 30 та филиали фаолият юритмоқда. Ўзбекистон олий таълим муассасалари халқаро рейтинглардаги ўз ўрнини изчил мустаҳкамлаб бормоқда, шу билан бирга, етакчи хорижий таълим муассасалари билан қўшма дастурлар кўлами ҳам кенгаймоқда.

Мавжуд институционал имкониятларни ҳисобга олган ҳолда, техник мутахассисликлар, рақамли технологиялар ҳамда икки мамлакат иқтисодиётининг устувор тармоқлари учун кадрлар тайёрлаш йўналишларида қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболли ҳисобланади. Бундай ҳамкорлик сиёсий мулоқотни мустаҳкам профессионал ва институционал алоқалар билан бойитиб, икки томонлама муносабатларнинг узоқ муддатли ва барқарор ривожланишига хизмат қилиши мумкин.

Бешинчидан, туризм ва маданий алмашинувлар икки мамлакатни янада яқинлаштиришнинг қўшимча омили ҳисобланади. 2026 йил апрель ойида икки давлатнинг тегишли идоралари кинотуризм, ПР-тарғибот ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун таништирув сафарларини ташкил этиш соҳасидаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди. Амалий жиҳатдан бундай ташаббуслар нафақат сайёҳлар оқимини ошириш, балки икки мамлакат жамиятлари ўртасидаги бевосита алоқаларни кенгайтиришга ҳам хизмат қилиши мумкин.

Умуман олганда, нисбатан қисқа даврда Ўзбекистон ва Сербия ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам сиёсий ва институционал асос яратди. Айни пайтда сиёсий мулоқотнинг ривожланиш суръати савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик кўламига нисбатан анча юқори бўлиб қолмоқда. Шу боис муносабатларнинг кейинги босқичдаги ривожи кўп жиҳатдан эришилган сиёсий келишувларни аниқ лойиҳалар ва барқарор ҳамкорлик механизмлари билан мустаҳкамлашга боғлиқ бўлади.

Ўзбекистон Президентининг Сербияга бошланаётган ташрифи бу жараёнга қўшимча туртки бериши мумкин. Унинг амалий аҳамияти, аввало, савдо-сотиқ ва инвестициялар, транспорт, меҳнат мобиллиги, таълим ҳамда туризм соҳаларидаги келишувларнинг илгари сурилиши билан белгиланади. Бундай ташаббусларнинг амалга оширилиши жадал ривожланаётган сиёсий мулоқотни янада салмоқли иқтисодий ва гуманитар мазмун билан тўлдириш имконини беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш