Ўзбекистон ва Ростов вилояти ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Сентябрь 07, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 94
РОСТОВ-ДОН, 7 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсарь билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Ростов вилояти ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперацияси, шунингдек, таълим, туризм ва меҳнат миграцияси соҳаларидаги шериклик истиқболлари муҳокама қилинди.
Ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида бевосита алоқаларни ривожлантириш ва Ростов вилояти корхоналарини Ўзбекистоннинг эркин иқтисодий зоналаридаги инвестиция лойиҳаларига жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Термиз шаҳридаги “Айритом” эркин савдо зонасида ишлаб чиқарувчиларнинг доимий фаолият юритувчи кўргазма-савдо павильонини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
Россия томони Ростов вилояти муниципал тузилмалари ҳамда Ўзбекистон шаҳар ва туманлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш орқали ҳудудлараро ҳамкорлик географиясини кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирди.
Фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш контекстида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун патентларни тегишли тартибда расмийлаштириш ва бериш ҳамда аризаларни кўриб чиқишда асоссиз ушланиб қолиш ва бошқа тўсиқларга йўл қўймаслик масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, таълим муассасалари ўртасидаги шерикликни, шу жумладан муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунлари бўйича белгиланган ҳамкорлик йўналишларини амалга оширишни давом эттириш, шунингдек, 2027 йил баҳорида Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсарнинг Ўзбекистонга ташрифини ва қатор ҳудудларда тегишли тадбирларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси