Карачи шаҳрида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди
Сентябрь 07, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 69
ИСЛОМОБОД, 7 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Карачи шаҳрига амалий ташрифи давомида Покистоннинг “Gul Ahmed Textile Mills” компанияси директори Зешан Батт билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида тўқимачилик соҳасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, мамлакатимизда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, юқори қўшилган қийматга эга тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларни учинчи бозорларга экспорт қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Компания вакили Ўзбекистон тўқимачилик саноати билан кўп йиллик ҳамкорлик тажрибасига эга эканини таъкидлаб, Покистон корхоналари орасида биринчилардан бўлиб юртимиздан йирик ҳажмда ип-калава харид қилишни йўлга қўйганини алоҳида қайд этди.
Шу билан бирга, суҳбат давомида Ўзбекистондан Покистонга маҳсулот етказиб беришда транспорт-логистика масалалари муайян қийинчиликларни келтириб чиқараётгани таъкидланди. Томонлар мазкур муаммоларни бартараф этиш, юк ташиш муддатлари ва харажатларини мақбуллаштириш мақсадида муқобил транспорт йўналишларини ишлаб чиқиш муҳимлигини кўрсатиб ўтдилар.
Покистон томони транспорт-логистика соҳасида янги йўналишларни йўлга қўйиш бўйича ўз таклифларини билдирди.
Мулоқотда, шунингдек, ҳамкорликни фақат хомашё ва ип-калава савдоси билан чеклаб қолмасдан, Ўзбекистон ҳудудида юқори қўшилган қийматга эга тайёр тўқимачилик маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди. Бундай лойиҳалар нафақат икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмасини ошириш, балки Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда тўқимачилик тармоғига илғор технология ва хорижий инвестицияларни жалб этишга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Учрашув якунида “Gul Ahmed Textile Mills” компанияси билан аккредитив асосида ишлаш учун ишончли ва салоҳиятли ўзбекистонлик ҳамкорларни аниқлаш, шунингдек, Ўзбекистонда тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича амалий чоралар белгилаб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси