Нуриддинжон Исмоилов: Янги таҳрирдаги Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни кафолатлайди
Август 14, 2026. 19:30 • 3 дақ
•ТОШКЕНТ, 14 август. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар” мавзусидаги халқаро конференцияда сўзга чиқди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унинг сўзларига кўра, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва ғоялари асосида қабул қилинган ва мамлакатимизни ривожлантиришнинг янгича модели ҳисобланган Ҳаракатлар стратегияси, Тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижроси доирасида барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимиз тарихида илк бор халқимиз танлови, референдум асосида янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинди. Ушбу Конституция билан Ўзбекистонда янги ижтимоий-сиёсий муҳит шаклланди, давлат ўзига улкан ижтимоий-иқтисодий мажбуриятларни олди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмлари жорий қилинди.
Нуриддинжон Исмоилов ислоҳотларнинг иқтисодий натижаларига тўхталар экан, мамлакат иқтисодиёти ҳажми 50 миллиард доллардан 147 миллиард долларга етгани, валюта бозори эркинлаштирилгани, тадбиркорлик ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш имкониятлари кенгайтирилганини маълум қилди.
Ўтган йили иқтисодиётимизга 43 миллиард доллар жалб қилинди. Сўнгги ўн йилликда уй-жой қурилиши ҳажми 10 баробар ошиб, 2025 йилда 238 минг хонадонга етди.
Спикер нутқида ижтимоий ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратди. Маърузачининг фикрича, сўнгги уч йилда ижтимоий хизматлар сони 23 тадан 140 тага кўпайди, камбағаллик даражаси эса қарийб 35 фоиздан 5,8 фоизга камайди. Мактабгача таълимда қамров 27 фоиздан 78 фоизга, олий таълимда 9 фоиздан 44 фоизга ошди.
Шунингдек, Нуриддинжон Исмоилов Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати изчил ривожланиб бораётгани, энг аввало, Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлар мустаҳкамланиб, минтақавий ҳамкорлик ривожланиб бораётганини таъкидлади.
У парламентнинг роли ҳақида сўз юритар экан, замонавий парламентлар нафақат қонун ижодкорлиги институти, балки ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, барқарор ривожланиш ва глобал муаммоларга ечим топишнинг муҳим механизмлари эканини таъкидлади.
Шу маънода, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва ижтимоий тараққиётни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтиришга қаратилган иккита резолюцияси қабул қилингани қайд этилди.
Спикер парламент дипломатияси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини эътироф этди. Марказий Осиё давлатлари, Озарбайжон, Беларусь, Грузия, Россия, Туркия ва бошқа мамлакатлар билан парламентлараро алоқалар кенгайиб бормоқда.
Ўзбекистон вакилларининг Парламентлараро иттифоқ, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси, МДҲ Парламентлараро ассамблеяси, Осиё Парламент ассамблеяси ва бошқа халқаро парламент тузилмаларидаги фаол фаолияти алоҳида қайд этилди.
Нуриддинжон Исмоилов Тошкентда Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси ўтказилишининг тарихий аҳамиятини таъкидлаб, буни Ўзбекистоннинг глобал парламентлараро мулоқот марказларидан бири сифатида тан олинганидан далолат деб атади.
Якунда у конференция иштирокчиларининг фикр ва таклифлари парламентаризмни янада ривожлантириш ва халқаро парламент ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

