Ўзбекистон ва Венгрия таълим ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Октябрь 07, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 97
БУДАПЕШТ, 7 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонасида Обуда университети ректорининг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси Антал Немет билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида олий таълим, илм-фан, инновациялар ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш йўналишларида Ўзбекистон–Венгрия ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Обуда университетининг Ўзбекистон олий таълим муассасалари ва саноат корхоналари билан қўшма ташаббусларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Жиззахдаги Илмий-инновацион технопаркни янада ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Венгрия томони Обуда университетининг қўшма таълим, илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳалардаги иштирокини давом эттириш ва кенгайтиришга қизиқиш билдирди. Хусусан, муҳандислик таълими, академик мобиллик, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таклифлар айтилди.
Кимё саноати учун мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва фавқулодда вазиятларни бошқаришнинг замонавий усуллари бўйича шерикликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Ҳамкорликни янада ривожлантириш доирасида 2026 йил октябрь ойида Обуда университети вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилган. Ташриф давомида мамлакатимиз олий таълим муассасалари ва тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакиллари билан учрашувлар ўтказилади.
Учрашув якунида томонлар конструктив мулоқотни давом эттириш, Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги узоқ муддатли академик, инновацион шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси