Ҳафтасига тўрт марта амалга оширилаётган Тошкент–Варшава авиақатновлари бизнес ва туризм учун янги имкониятлар яратмоқда
Октябрь 05, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 75
ВАРШАВА, 5 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Варшава шаҳри маъмурияти Халқаро ҳамкорлик бюроси директори ўринбосари Милош Гос билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида Польша томони Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга қизиқиши ортиб бораётганини қайд этди. Тошкент ва Варшава ўртасидаги тарихий ва маданий алоқалар, икки давлат муносабатларининг тобора кенгайиб бораётгани таъкидланди.
Пойтахтлар ўртасида мунтазам авиақатновларнинг йўлга қўйилгани ҳам ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида қайд этилди. Тошкент–Варшава йўналишида ҳафтасига тўрт марта амалга оширилаётган парвозлар ишбилармонлик, туризм, маданий ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратмоқда.
Учрашувда шаҳар бошқаруви ва замонавий шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, транспорт, рақамлаштириш, барқарор ривожланиш, маданият ва туризм соҳаларида қўшма ташаббусларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида Варшава шаҳри маъмурияти ва Тошкент шаҳри ҳокимлигининг тегишли тузилмалари ўртасида тўғридан-тўғри ишчи алоқаларни йўлга қўйиш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш ҳамда соҳавий ва амалий учрашувлар ўтказиш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, икки шаҳар вакилларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишга келишилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси