Шотландиянинг энг қадимги университетларидан бири Ўзбекистонда кампус очиш истиқболларини кўриб чиқмоқда
Октябрь 02, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 119
ЛОНДОН, 2 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Лондон шаҳридаги элчихонасида Хериот-Уатт университети (Heriot-Watt University) раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар чоғида таълим, фан ва инновациялар соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви дастурларини ривожлантириш, илмий тадқиқотлар ва малака ошириш йўналишларида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, университетнинг Ўзбекистонда ўз кампусини очиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Университет вакиллари Ўзбекистоннинг олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Жумладан, Хериот-Уатт университети вакили Ўзбекистон олийгоҳлари билан қўшма таълим лойиҳаларини амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар учун малака ошириш дастурлари ва тренинглар ташкил этиш, биргаликда илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда “икки томонлама диплом” тамойили асосида ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдорлигини таъкидлади.
Шотландияда 1821 йилда “Эдинбург санъат мактаби” (School of Arts of Edinburgh) номи билан ташкил этилган ушбу олийгоҳ илмий тадқиқотлар ва таълимдаги инновацион ёндашувлари билан машҳур. Ҳозирда давлат тадқиқот университетида, умумий ҳисобда, унинг хорижий кампуслари билан биргаликда 31 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда, 2 мингдан ортиқ ўқитувчи фаолият юритмоқда. Хериот-Уатт университети нуфузли халқаро рейтингларда, жумладан, QS рейтингида 325-ўринни, “Times Higher Education” (THE) рейтингида эса 401-ўринни эгаллаб келаётган етакчи таълим муассасаларидан биридир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси