Logo

Қоҳира университетида ўзбек тили ва маданияти хонаси ташкил этилади

Февраль 13, 2026. 12:24 • 2 дақ

67
Қоҳира университетида ўзбек тили ва маданияти хонаси ташкил этилади
Қоҳира университетида ўзбек тили ва маданияти хонаси ташкил этилади

ҚОҲИРА, 13 февраль. /“Дунё” АА/. Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ижрочи директори Олимжон Давлатов бошчилигидаги делегация Мисрда бўлиб қайтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида ташкил этилган учрашувларда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги бўйича турли мулоқотлар ташкил этилди.

Хусусан, Қоҳира университети проректори, профессор Маҳмуд Ал-Саид билан ўтказилган музокараларда Алишер Навоий илмий-маърифий меросини ўрганиш, шарқшунослик ва туркий адабиёт йўналишларида қўшма тадқиқотлар олиб бориш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар Навоий меросини араб дунёсида кенг тарғиб этиш ва қўлёзмаларни биргаликда тадқиқ этиш бўйича ҳамкорлик истиқболларини юқори баҳолади.

Учрашувда Қоҳира университетида Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва маданияти хонасини ташкил этиш, ўзбек тилини ўқитиш ҳамда икки халқ адабиёти дурдоналарини ўзаро таржима қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

“Илм” меросни тиклаш ва рақамли хизматлар муассасаси раҳбари Абдулати Шарқавий билан бўлиб ўтган учрашувда ўзбек адабиётига оид нодир қўлёзмаларни рақамлаштириш ва илмий доираларга тақдим этиш бўйича келишувларга эришилди. Муассаса фондидаги Алишер Навоий ва Темурийлар даврига оид манбаларни замонавий технологиялар асосида тадқиқ этиш жараёнида муҳим илмий маълумотлар ўрганилди.

Якунда томонлар илмий ва маданий алоқаларни тизимли равишда ривожлантириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди. Ушбу ташриф Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда Навоий меросини халқаро миқёсда тарғиб этишда муҳим қадам бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш