“China Daily”: Хитой Ўзбекистоннинг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори ва стратегик шеригига айланмоқда

Сентябрь 05, 2026. 19:30 • 2 дақ

72
“China Daily”: Хитой Ўзбекистоннинг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори ва стратегик шеригига айланмоқда

ПЕКИН, 5 сентябрь. /“Дунё” АА/. Хитойнинг “China Daily” нашрида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда Ўзбекистон–Хитой муносабатларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланганидек, ўтган йиллар давомида Хитой Ўзбекистоннинг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори, инвестори ҳамда кенг кўламли инфратузилмавий, саноат ва технологик лойиҳалардаги фаол шеригига айланди.

Мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар ва кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб, ўзаро алоқаларнинг барча йўналишларида самарали натижалар бермоқда.

2025 йилда Хитойнинг Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги улуши 21,2 фоизни ташкил этди. Бу қарийб 17,2 миллиард долларга тенг. Мазкур кўрсаткичлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик кўламини яққол намоён этади. Ўзбекистон Хитойдан иқтисодиётни модернизация қилиш учун зарур бўлган машина ва ускуналар, бутловчи қисмлар ҳамда замонавий технологияларни импорт қилмоқда.

Нашрда ёзилишича, Ўзбекистонда BYD электромобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу лойиҳанинг стратегик аҳамияти нафақат ишлаб чиқарилаётган автомобиллар сони, балки ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси, маҳаллий етказиб берувчиларнинг жараёндаги иштироки, техник мутахассисларни тайёрлаш ҳамда маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорларига чиқариш имкониятлари билан белгиланади.

Шунингдек ўқинг

Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлининг аҳамияти транспорт соҳаси доирасидан анча кенг. Кутилаётган янги темир йўл Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги масофа ва ташиш йўналишини қисқартириб, Жанубий ва Ғарбий Осиё бозорлари билан қўшимча транспорт алоқаларини йўлга қўйиш имконини беради.

Бу шунчаки транзит йўналиши эмас, балки ривожланиш коридорига айланади. Темир йўл бўйлаб логистика марказлари, саноат зоналари, қайта ишлаш корхоналари, таълим муассасалари, сервис компаниялари ва замонавий божхона тизимларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Муаллифнинг қайд этишича, Ўзбекистон–Хитой муносабатлари икки томонлама алоқалар доирасидан ташқарига чиқмоқда. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва “Хитой–Марказий Осиё” механизми минтақавий ҳамкорлик учун янада кенг имкониятлар яратмоқда. Икки давлат, шунингдек, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда.

2025 йил 1 июндан кучга кирган ва фуқароларга 30 кунгача бўлган муддатга визасиз ташриф буюриш имконини берувчи визасиз режим туризм, тадбиркорлик, академик алоқалар ва халқлар ўртасидаги бевосита мулоқотлар учун янги имкониятлар яратди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш