Белградда Ўзбекистон давлат мустақиллиги куни муносабати билан расмий қабул маросими ўтказилди
Сентябрь 05, 2026. 20:30 • 2 дақ
• 28БЕЛГРАД, 5 сентябрь. /“Дунё” АА/. Сербия пойтахтида Ўзбекистон давлат мустақиллиги куни муносабати билан расмий қабул маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда 200 нафардан ортиқ меҳмонлар, жумладан, Сербия парламенти ва ҳукумати раҳбарияти, Белградда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус, бизнес ва жамоатчилик доиралари вакиллари ҳамда 40 нафардан зиёд ўзбек диаспораси вакиллари иштирок этди.
Сербиянинг Биринчи хоними Тамара Вучич, Сербия Бош вазири Джуро Мацут, Халқ мажлиси раиси Ана Брнабич, шунингдек, Сербия ташқи ишлар вазири Марко Джурич, Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт вазири Адриана Месарович, Қурилиш, транспорт ва инфратузилма вазири Александра Софроневич, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Сара Павков, ташқи ва ички савдо вазири Ягода Лазаревич, ахборот ва телекоммуникациялар вазири Борис Братина, халқаро иқтисодий ҳамкорлик вазири Ненад Попович, давлат бошқаруви ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш вазири Снежана Паунович ва бошқалар қабул маросимининг фахрий меҳмонлари бўлди.
Тадбир Ўзбекистон ва Сербиянинг давлат мадҳияси ижроси билан бошланди.
Қабул маросими доирасида Ўзбекистондан ташриф буюрган санъаткорлар ва рақс жамоаси иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Анъанавий Хоразм “Лазги” рақсининг ижроси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотиб, кечанинг энг ёрқин лаҳзаларидан бирига айланди.
Меҳмонларга ўзбек миллий таомлари, қуритилган мевалар ва ширинликлар тортиқ этилди.
Самимий ва дўстона муҳитда ўтган расмий қабул маросимида томонларнинг ўзаро ҳурмати ҳамда ўзбек-серб муносабатларини янада мустаҳкамлашга бўлган интилиши яққол намоён бўлди.
Мулоқот чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва экология каби устувор соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





