БМТда Ўзбекистоннинг имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш тажрибаси юксак баҳоланди
Июнь 15, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 12НЬЮ-ЙОРК, 15 июнь. /“Дунё” АА/. БМТ бош қароргоҳида имконияти чекланган шахслар эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган халқаро тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий ваколатхонаси томонидан Ирландия ва Танзания дипломатик миссиялари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳамда Халқаро ногиронлар альянси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Учрашувда БМТга аъзо давлатлар, халқаро тузилмалар, экспертлар ҳамжамияти ва фуқаролик жамиятининг 100 нафарга яқин вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий вакили Улуғбек Лапасов сўзга чиқиб, мамлакатимизда инсон қадр-қимматини улуғлаш, имконияти чекланган шахсларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, юртимизда ассистив (ёрдамчи) технологиялар шунчаки соғлиқни сақлаш ёки ижтимоий ҳимоя масаласи эмас, балки ногиронлиги бўлган шахсларнинг мустақиллиги ва уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлашнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. ЖССТ кўмагида Ўзбекистонда ушбу соҳадаги миллий салоҳият комплекс баҳоланиб, тизимни янада ривожлантириш йўналишлари белгилаб олинган.
Мунозаралар давомида халқаро экспертлар ва хорижий давлатлар вакиллари Ўзбекистоннинг бу борадаги ижобий тажрибасини юқори баҳолади.
Иштирокчилар ёрдамчи технологиялар ногиронлиги бўлган шахслар учун хайрия эмас, балки уларнинг фундаментал ҳуқуқи эканини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг халқаро тузилмалар билан фаол шериклик қилишга тайёрлигини олқишлади.
“Тадбирда Ўзбекистон вакили томонидан тақдим этилган маълумотлар ва ЖССТ билан ҳамкорликда ташланаётган амалий қадамлар менда катта қизиқиш уйғотди. Шу йил март ойида юртингизда бўлиб ўтган биринчи Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи парламентлараро форуми доирасида инклюзивликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилган эдик. Ўйлайманки, Ўзбекистоннинг ассистив технологияларни жорий этиш борасидаги бой тажрибасини ушбу парламентлараро мулоқот майдонига олиб чиқиш ва уни минтақанинг бошқа давлатларига ҳам кенг ёйиш зарур”, деди Европа парламенти депутати, Европарламентнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Жузи Принчи.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

