Ўзбекистон ва Беларусь қишлоқ хўжалиги соҳасида янги келишувларга эришди
Июнь 14, 2026. 16:00 • 3 дақ
• 89МИНСК, 14 июнь /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ориф Бўтаев бошчилигидаги делегация Минск шаҳрида бўлиб ўтган “Белагро-2026” 36-халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-ярмаркасида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хизмат сафари давомида Ўзбекистон делегацияси қатор муҳим учрашув ва музокараларда қатнашди. Жумладан, Беларусь Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги, “Белплемживобъединение” ҳамда Витебск вилояти ижроия қўмитаси раҳбарияти билан икки мамлакат манфаатларига хизмат қилувчи масалалар юзасидан ўзаро келишувларга эришилди.
Томонлар ички бозорларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, импорт ва экспорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари номенклатурасини диверсификация қилиш каби мавзуларда фикр алмашди.
Витебск вилояти ижроия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Сергей Левкович билан Ўзбекистон тадбиркорлари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда Беларусда фермер хўжаликларини ташкил этиш ва чорва молларини парваришлаш лойиҳаси, ветеринария тиббиёти академияси негизида мамлакатимиз аграр тармоғи учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ярмарка давомида Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакилларидан иборат делегация юртимиз агросаноат мажмуасининг экспорт салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, янги савдо алоқаларини ўрнатиш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида қатор самарали чора-тадбирларни амалга оширди.
Ўзбекистон миллий стенди билан иштирок этган “Uzagrostar” холдинг компанияси мамлакатимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини намойиш қилди. Миллий стенд ташриф буюрувчиларга Ўзбекистон агросаноат тармоғининг имкониятлари, маҳсулотлар сифати ҳамда экспорт йўналишлари билан яқиндан танишиш имконини берди ва иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Кўргазманинг расмий очилиш маросимида Беларусь Бош вазири ўринбосари Юрий Шулейко ва унга ҳамроҳлик қилган маҳаллий мутасаддилар Ўзбекистон стендига ташриф буюриб, унда намойиш этилган маҳсулотлар ҳамда тақдим этилган экспорт имкониятларига юқори баҳо берди.
Беларусь ҳукумати раҳбари ўринбосари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришда икки мамлакат ўртасида ҳали тўлиқ ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлаб, ушбу йўналишда ҳамкорликни жадаллаштиришга беларус томони тайёр эканини қайд этди.
Тадбир давомида Беларуснинг 10 дан ортиқ йирик чакана савдо тармоқлари — “Евроторг”, “Санта Ритейл”, “БелВиллесден”, “ГРИНрозница”, “ЮниСтор Групп”, “Ресттрэйд” ва бошқа компаниялар вакиллари билан B2B шаклида музокаралар ўтказилди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон маҳсулотларини мазкур мамлакат ички бозорига етказиб бериш, савдо ҳажмларини кенгайтириш ва узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, аниқ келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



