Тошкент вилояти Япония компанияларини ҳамкорликка жалб қилмоқда

Ноябрь 12, 2026. 11:00 • 2 дақ

• 111
Тошкент вилояти Япония компанияларини ҳамкорликка жалб қилмоқда
Тошкент вилояти Япония компанияларини ҳамкорликка жалб қилмоқда
Тошкент вилояти Япония компанияларини ҳамкорликка жалб қилмоқда
Тошкент вилояти Япония компанияларини ҳамкорликка жалб қилмоқда

ТОКИО, 12 ноябрь. /“Дунё” АА/. Тошкент вилояти ҳокимлиги делегациясининг Японияга ташрифи доирасида Нагоя шаҳрида “SYS Holdings Co., Ltd.” компанияси президенти Хиронори Судзуки бошчилигида япон компаниялари вакиллари билан давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда 30 нафарга яқин киши, жумладан, Чубу минтақаси Иқтисодий федерацияси, “Chubu Electric Power”, “ITOCHU Corporation” компаниялари, “Kaikoukai” тиббиёт гуруҳи вакиллари ҳамда Нагоя шаҳар кенгаши депутати Бунго Окумура иштирок этди.

Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Жаҳонгир Мамажонов вилоятнинг иқтисодий салоҳияти ва инвестициявий имкониятлари ҳақида тақдимот қилди.

1991 йилда ташкил этилган, бош қароргоҳи Нагоя шаҳрида жойлашган “SYS Holdings Co., Ltd.” IT-холдинг ҳисобланади. Компания ишлаб чиқариш, ижтимоий ахборот инфратузилмаси ва мобил хизматларни рақамлаштириш учун дастурий ечимлар ишлаб чиқади. Акциялари Токио фонд биржасида котировка қилинади, йиллик даромади 86 миллион доллар, ходимлари сони 1,7 минг кишини ташкил этади.

Япония томонига вилоятдаги саноат корхоналарини IT-технологиялари асосида рақамлаштиришга кўмаклашиш ҳамда маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш бўйича IT-марказ ташкил этиш таклиф қилинди.

Музокаралар чоғида 2027 йилда “SYS Holdings Co., Ltd.” бошчилигидаги Япония ишбилармон доиралари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини уюштириш бўйича келишувга эришилди.

“Kaikoukai” тиббиёт гуруҳи Тошкент вилоятида соғлиқни сақлаш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, “IES” компанияси вилоят билан ҳамкорлик йўналишларини ўрганишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, Нагоя шаҳар кенгаши депутати Тамотсу Асано, “Japan Advanced Technology Center” компанияси вакиллари, Ўзбекистоннинг Нагоядаги фахрий консули, “IM Corporation” президенти Хироюки Ито ҳамда “Mixio Marketing” компанияси директори Сёити Гото билан ҳудудлараро ҳамкорлик, технологияларни жорий этиш, вилоят маҳсулотлари экспорти ва маркетинг масалалари юзасидан учрашувлар ўтказилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш