Покистон Ўзбекистоннинг криптомайнинг соҳасини тартибга солиш бўйича тажрибасини ўрганади

Август 20, 2026. 19:00 • 3 дақ

91
Покистон Ўзбекистоннинг криптомайнинг соҳасини тартибга солиш бўйича тажрибасини ўрганади

ИСЛОМОБОД, 20 август. / “Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг Блокчейн ва криптовалюталар масалалари бўйича давлат вазири, Виртуал активларни тартибга солиш бошқармаси раҳбари Билол бин Сақиб билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида блокчейн технологиялари, рақамли молиявий инфратузилма, виртуал активлар ва сунъий интеллект соҳаларида Ўзбекистон–Покистон ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, соҳадаги регуляторлик тажрибасини ўзаро алмашиш, тегишли ҳамкорлик ҳужжатларини имзолаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда икки мамлакатнинг тегишли давлат ва молиявий институтлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот механизмларини йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув давомида Покистон томони Ўзбекистонда криптомайнинг соҳасини тартибга солиш бўйича шаклланган тажриба, амалдаги ҳуқуқий механизмлар, соҳадаги қонунчилик ҳамда инвесторлар учун яратилган шарт-шароит ва имтиёзлар билан батафсил таништирилди.    

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида “Besqala Mining Valley” махсус майнинг зонаси ташкил этилгани Покистон вакилида катта қизиқиш уйғотди. Ушбу ҳудудда қайта тикланувчи энергия манбалари, шунингдек, қонунчиликда белгиланган тартибда рухсат этилган бошқа энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда майнинг фаолиятини амалга ошириш учун махсус шарт-шароитлар яратилгани қайд этилди.

Вазир Билол бин Сақиб, ўз навбатида, Покистонда виртуал активлар бозорини давлат томонидан тартибга солишнинг замонавий ва самарали тизимини шакллантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидлашича, Покистон раҳбарияти мазкур соҳани миллий иқтисодиётни рақамли трансформация қилиш, инновацион технологияларни жорий этиш ва янги инвестиция имкониятларини жалб қилишнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида баҳоламоқда.

Шунингдек ўқинг

Шу муносабат билан, Покистонда жадал ривожланаётган мазкур соҳада давлат назорати, молиявий барқарорлик ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, технологик инновациялар ва инвестициялар оқимига ортиқча тўсиқлар яратмайдиган мувозанатли регуляторлик моделини ишлаб чиқиш асосий вазифалардан бири экани таъкидланди.

— Ўзбекистон Марказий банкининг таклифига биноан, жорий йилнинг 24–26 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган биринчи “Ипак йўли молия ва технологиялар форуми”да иштирок этиш учун юртингизга амалга оширадиган ташрифимни интиқлик билан кутяпман, — деди давлат вазири. — Ташриф давомида Ўзбекистоннинг мазкур соҳадаги илғор тажрибаси билан яқиндан танишиш, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилиш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидаги махсус майнинг зонаси салоҳиятини бевосита ўрганишни режалаштирганмиз.

Бундан ташқари, томонлар икки давлатнинг тегишли молия муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишни истиқболли йўналиш сифатида қайд этдилар.

Хусусан, Покистон томони рақамли ва виртуал активлар соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, самарали регуляторлик механизмларини жорий этиш ва рақамли молиявий инфратузилмани ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон Марказий банки билан тажриба алмашишдан манфаатдор эканини билдирди.

Учрашув якунида томонлар блокчейн технологиялари, виртуал активлар, рақамли молия ва сунъий интеллект каби жадал ривожланаётган соҳаларда ҳамкорликни изчил давом эттириш бўйича мулоқотларни давом эттиришга келишиб олдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш