Минскда Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Август 19, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 55
МИНСК, 19 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси, МДҲнинг устав ва бошқа органларидаги доимий вакили Нуриддин Мамажонов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси бош котибининг биринчи ўринбосари Игорь Петришенко билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбатнинг асосий мавзуси 2027 йилда Ўзбекистоннинг Ҳамдўстликка раислигига тайёргарлик кўриш масалалари бўлди. Томонлар интеграция ташаббусларининг узлуксизлигини таъминлаш ва илгари қабул қилинган муҳим қарорларни амалга ошириш самарадорлигини батафсил муҳокама қилдилар.
Учрашувда Ўзбекистон томонининг МДҲ доирасидаги мавжуд кўп томонлама ҳамкорлик тадбирларидаги иштирокининг устувор йўналишлари алоҳида кўриб чиқилди.
Шунингдек, 2026 йилнинг иккинчи ярмига мўлжалланган ташкилотнинг тадбирлар тақвими атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, Давлат раҳбарлари кенгаши, Ҳукумат раҳбарлари кенгаши ва Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг бўлажак мажлисларини юқори савияда ташкил этиш ҳамда уларнинг кун тартибига долзарб масалаларни киритиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон давлат Мустақиллиги ҳамда МДҲ ташкил этилганининг 35 йиллигини кенг нишонлашга қаратилган чора-тадбирлар дастурига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида томонлар МДҲ институтларини замонавий таҳдидларга мослаштириш ва миллий идоралар билан ўзаро мувофиқлашувни янада кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси