Покистон тўқимачилик компанияси Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор
Июль 15, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 88
ИСЛОМОБОД, 15 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев ушбу давлатдаги “Sadaqat Limited” тўқимачилик компанияси директори Хуррам Мухтар билан видеоконференция шаклида суҳбатлашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасида тўқимачилик саноати соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, Покистон инвестицияларини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этиш, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш ва экспорт салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Покистон вакилига Ўзбекистонда тўқимачилик саноатини модернизация қилиш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва экспорт географиясини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, солиқ ва божхона имтиёзлари, эркин иқтисодий зоналар ҳамда саноат кластерларининг имкониятлари таъкидланди.
Томонлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини Марказий Осиё, МДҲ ва Европа давлатлари бозорларига экспорт қилиш учун мавжуд имкониятлар хусусида фикр алмашди. Хусусан, Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқининг “GSP+” преференциялар тизимидан фойдаланаётгани маҳаллий маҳсулотларни Европа бозорига имтиёзли шартлар асосида етказиб бериш имконини яратаётгани қайд этилди.
Музокараларда Ўзбекистон ҳудудларида қўшма тўқимачилик корхоналарини ташкил этиш, замонавий технологиялар ва илғор бошқарув тажрибасини жорий этиш, халқаро сифат стандартларини татбиқ қилиш истиқболлари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, “Sadaqat Limited” иштирокида мамлакатимизда паст қувватда фаолият юритаётган тўқимачилик корхоналарини самарали бошқарув асосида ривожлантириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
– Компаниямиз Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ип-калава ва айрим турдаги матоларни воситачилар орқали харид қилиб келган, – дейди компания раҳбари Хуррам Мухтар. – Келгусида Ўзбекистоннинг йирик ишлаб чиқарувчилари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, юқори сифатли ип-калава ва мато маҳсулотларини узоқ муддатли шартномалар асосида харид қилиш, олти ойлик эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда барқарор таъминот механизмини шакллантиришга тайёрмиз.
Учрашувда “Sadaqat Limited” ва юртимиздаги йирик тўқимачилик корхоналари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари билан онлайн музокаралар ташкил этишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси