Logo

“Лочин” борт журнали: Бухоро - ислом цивилизацияси дурдонаси

Декабрь 17, 2025. 15:47 • 2 дақ

279
“Лочин” борт журнали: Бухоро - ислом цивилизацияси дурдонаси

АШХОБОД, 22 декабрь. /“Дунё” АА/. “Turkmenistan Airlines” миллий авиакомпаниясининг “Лочин” борт журналида Бухоро шаҳрига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Бухоро - ислом цивилизацияси дурдонаси” сарлавҳаси остидаги мақолада шаҳарнинг ислом илм-фани ва маънавий анъаналари шаклланишидаги ўрни, бой интеллектуал мероси ва ноёб меъморий ёдгорликлари ҳақида сўз боради. Материалда Бухоронинг ислом цивилизациясининг йирик тарихий марказларидан бири сифатидаги аҳамияти Имом ал-Бухорий ва Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк мутафаккир ва маънавий арбобларнинг номлари билан боғлиқлиги таъкидланади. Шунингдек, мақолада Бухоронинг асрлар давомида шаклланган умуминсоний қадриятлари алоҳида ёритиб ўтилади.

“Бухоро нафақат Ўзбекистон маданий меросининг бир қисми, балки мусулмон дунёсининг умумий маънавий бойлиги сифатида ҳам қаралади”, - дея ёзади нашр.

Туркманистон авиакомпаниясининг борт журналида ушбу мақоланинг чоп этилиши умумий тарих ва ўхшаш маънавий анъаналарга асосланган икки мамлакат ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатлари ва маданий яқинликнинг амалий натижаси сифатида баҳоланади. Маданий дипломатиянинг ривожланиши шароитида ўзаро алоқаларнинг бундай шакллари тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Turkmenistan Airlines” авиакомпанияси Марказий Осиёнинг етакчи авиаташувчиларидан бири бўлиб, унинг “Лочин” борт журнали маҳаллий ва халқаро рейсларда йўловчиларнинг кенг аудиториясини қамраб олади.

Экспертларнинг фикрича, тарихий шаҳарлар ва маданий меросни оммалаштириш учун авиация медиа майдончаларидан фойдаланиш минтақа мамлакатлари ўртасида сайёҳлик алоқалари ва гуманитар мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Samandar Xodjiyev

samandar@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш