Санкт-Петербургда Навоий ва Бобур ижодига бағишлаб “Билимдонлар беллашуви” ўтказилди
Февраль 17, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 134САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 17 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг бой маданий ва адабий меросини оммалаштириш ҳамда Санкт-Петербург шаҳрида истиқомат қилувчи ватандошларни бирлаштириш мақсадида маданий тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Бош консулхона томонидан Санкт-Петербург давлат саноат технологиялари ва дизайн университетида ташкил этилган тадбирда Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий фаолияти ҳақида сўз юритилди.
Учрашувда Бош консул Абдураҳмон Маҳмудов Навоий ва Бобурнинг ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва ривожланишига қўшган улкан ҳиссаси, уларнинг улкан адабий мероси ҳақида тўхталиб ўтди.
Ленинград вилояти маҳаллий ўзини ўзи бошқариш, миллатлараро ва конфессиялараро муносабатлар қўмитаси эксперт-маслаҳатчиси Владимир Михайленко Навоий меросининг туркий давлатлар адабиётида тутган ўрни ва тарихий хотирани асраб-авайлашдаги ўрни ҳақида гапирди.
Мутафаккирларнинг ижодига бағишлаб тайёрланган мусиқий-шеърий чиқишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Санъаткорлар, талабалар ва болалар Навоий ва Бобур ғазаллари асосида шеърлар ўқиди ва қўшиқлар куйлади, миллий чолғу асбоблари жўрлигида ўзига хос аутентик муҳит яратилди.
Тадбирнинг интеллектуал қисмида Шарқ мутафаккирлари Навоий ва Бобурга бағишланган “Билимдонлар беллашуви” бўлди. Жамоалар буюк мутафаккирларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги билимлар бўйича беллашди. Жамоада турли давлат вакиллари иштирок этиб, халқлар дўстлигини қўллаб-қувватлади. Мусобақа якунида ғолиблар эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Мазкур тадбир маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




