Покистон ОАВ: Ўзбекистон аграр соҳасида рақамлаштириш ва бозор механизмлари кенгаймоқда
Июнь 24, 2026. 11:00 • 3 дақ
• 26ИСЛОМОБОД, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Покистонинг “Diplomatic News Agency”, “Islamabadpost”, “Сentreline”, “Pakistan In The World” нашрларида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақола муаллифи, Ўзбекистон фермерлари кенгаши раиси ўринбосари Зафар Мустафоқулов ёзганидек, сўнгги 9 йилда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Ушбу ўзгаришлар нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки фермерларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳани рақамлаштириш ҳамда бозор механизмларини кенг жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Қайд этилганидек, янги ёндашув натижасида қишлоқ хўжалиги босқичма-босқич маъмурий бошқарувдан иқтисодий эркинлик ва рақобат муҳитига ўтмоқда.
“Янги тартибга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ажратишда очиқлик ва шаффофлик таъминланиб, электрон аукцион тизими жорий этилди. Бу фермерларга ердан фойдаланиш ҳуқуқини қонуний ва кафолатланган асосда амалга ошириш имконини бермоқда. Энг муҳими, ер ижара ҳуқуқини асоссиз бекор қилишга чекловлар ўрнатилди. Энди ер ижара муносабатлари томонлар келишуви ёки суд қарори асосида ҳал этилади. Бу эса фермернинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлайди”, дея ёзган муаллиф.
Фермерлар фаолиятига маъмурий аралашувни кескин қисқартириш ва маҳсулот етиштирувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган туб ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳада янги тизим жорий этилди.
Давлат раҳбарининг 2025 йил 12 августда қабул қилинган фармонига мувофиқ, 2026 йил ҳосилидан бошлаб фермер хўжаликлари, кластерлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ўз ер участкаларида экиладиган экин турларини “Агропортал” (“Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграцион платформа) орқали мустақил равишда жойлаштиради. Бунда давлат органлари томонидан экинларни тўғридан-тўғри белгилаш амалиёти бекор қилинди ва маълумотлар рақамли платформа орқали шаффоф юритилиши белгиланди.
“Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тартиби тўғрисида”ги низом асосида эса фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги экинларини мустақил жойлаштиради ва экинларни жойлаштириш таклифлари “CropAgro” AT орқали инсон омилисиз амалга оширилади.
Материалда ёзилишича, Ўзбекистон фермерлари кенгаши фермерлар фаолиятига кўмаклашиш ва қулай шароит яратиш мақсадида сунъий интеллект асосида ишловчи ва фермерларга тезкор маслаҳатлар берувчи “Fermer AI” телеграм боти ишлаб чиқилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


