Ўзбекистон Президенти таълимдаги ислоҳотлар натижалари ва замонавий илмий инфратузилма билан танишди
Сентябрь 30, 2026. 15:15 • 2 дақ
• 219
ТОШКЕНТ, 30 сентябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида “Янги Ўзбекистон” университетига ташриф буюриб, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва келгусидаги режаларга бағишланган кўргазма билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон етакчиси дастлаб юртимизда таълимнинг узвийлигини таъминлаш борасидаги ишлар, эришилган натижалар ва келгуси режалар тақдимотини кўздан кечирди. “Мактабгача таълим”, “Мактаб таълими”, “Иқтидорли мактаб ўқувчилари”, “Профессионал таълим” ва “Олий таълим” павильонларида боланинг илк ёшидан касб эгаллашига қадар бўлган таълим босқичларидаги ислоҳотлар намойиш этилган.
Мамлакатимиз етакчиси университетнинг ўқув ва илмий инфратузилмаси билан танишди. “Келажак муҳандислари” майдони, Bloomberg лабораторияси, физика ўқув лабораторияси, муҳандислик фанлари ўқув зали ва Apple Training Center ўқув марказида талабалар учун яратилган имкониятлар ҳақида ахборот берилди.
Шунингдек, Idrock сунъий интеллект кластери, биотехнология ва биоинформатика лабораторияси, материалшунослик, лазер ва нанотехнологиялар ҳамда ADM машинасозлик лабораторияларининг фаолияти намойиш этилди. Бу майдонлар талабаларнинг назарий билимини амалий машғулотлар, тадқиқот ва лойиҳалар билан боғлашга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари университетнинг профессор-ўқитувчилари ва талабалари, халқаро таълим дастурларини жорий этиш бўйича хорижлик ҳамкорлари билан суҳбатлашди.
Ташриф давомида Президентимиз мамлакатимизнинг фаол ва ташаббускор ўқитувчи ҳамда мураббийлари билан эсдалик учун суратга тушди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси