Ўзбекистон Президенти: Устозни эъзозлаш – бир касб эгасини эмас, бутун бир миллат келажагини эъзозлаш деганидир
Сентябрь 30, 2026. 17:50 • 8 дақ
• 142
ТОШКЕНТ, 30 сентябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида бугун педагоглар билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон етакчиси барча устоз ва мураббийларни касб байрами билан табриклаб, уларнинг ёш авлод тарбиясидаги ўрни ҳақида сўз юритди.
– Ўқитувчи – меҳр дарёси, ўқитувчи – эзгулик булоғи, ўқитувчи – маърифат қуёши! – деди Президентимиз.
Бугун сунъий интеллект билим олиш ва меҳнат қилиш усулларини ўзгартирмоқда. Бироқ ҳеч бир технология боланинг қалбига устоз каби йўл топиб, унга Ватанга муҳаббат ва масъулият туйғусини сингдира олмайди. Шу маънода, давлатимиз раҳбари умрини ёшлар камолотига бағишлаган педагогларга миннатдорлик билдирди.
Учрашувда таълим ва илм-фан фидойиларининг бир гуруҳига давлат мукофотлари топширилди. Мукофотланганлар орасида устозлар билан бирга таълим ривожига ҳисса қўшаётган тадбиркорлар ва хорижий ҳамкорлар ҳам бор. Шунингдек, таълимнинг барча бўғинларидаги илғор педагоглар учун Абдулла Авлоний номидаги алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш, унинг илк соҳибларини келаси йилги байрам арафасида тақдирлаш таклиф қилинди.
Президент таълимни ривожлантириш Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг энг муҳим бўғини эканини таъкидлади. Кейинги ўн йилда 1 миллион 800 минг ўринли боғчалар ва 1,5 миллион ўринли мактаблар барпо этилди, 10 мингдан зиёд таълим муассасаси замонавий кўринишга келтирилди. Айни пайтда таълимда бинолардан ҳам муҳимроқ масала – ўқитиш мазмуни ва сифати экани қайд этилди.
– Биз болаларимизни пахта даласидан – мактаб партасига, ўқитувчиларни – таълим жараёнига қайтардик, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу мақсадда 2018 йилдан янги авлод дарсликларини яратиш бошланган эди. Хорижий тажриба ўрганилиб, 8-синфгача бўлган дарсликлар янгиланди. Биргина жорий йилда 400 нафардан зиёд мутахассис иштирокида 324 та дарслик қайта ишланди. Улар болаларда миллий қадриятлар, табиатга масъулиятли муносабат, рақамли ва молиявий саводхонлик билан бирга мустақил ҳамда танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган. 2030 йилга қадар юқори синфлар учун дарсликларни янгилаш ишлари ҳам якунланади.
Ислоҳотлар натижаси ўқувчиларнинг ютуқларида намоён бўлмоқда. PISA рейтингида 15 ёшли ўқувчилар табиий фанлар бўйича 32 поғона юқорилаб, 48-ўринни эгаллади. Шу йилнинг ўзида ёшлар нуфузли олимпиадаларда 228 та медалга сазовор бўлди. Мактаб давридаёқ хорижий тил ва фанлардан сертификат олган ўқувчилар сони 100 минг нафарга етди.
Педагогларни қўллаб-қувватлаш ҳам ўз самарасини бермоқда. Халқаро ва миллий сертификатга эга ўқитувчилар сони беш йилда 29 мингдан 143 мингга ошди, мактабларда ўқитувчи етишмаслиги уч баробар камайди. Бугун 40 минг муаллим 1 минг доллардан, яна 1,5 минг нафари 2 минг доллардан юқори маош олмоқда. «Йил ўқитувчиси» танлови боғча тарбиячилари ва техникум усталарини ҳам қамраб олиши таклиф этилди.
Келгуси вазифаларга тўхталар экан, Президент мактаб битирувчиси катта ҳаётга касб ва хорижий тилни эгаллаб чиқиши зарурлигини таъкидлади. Мактаб директорларига бу борада қўшимча ваколатлар берилади, ҳамкорликка тайёр тадбиркорлар учун шароит яратилади. Ёшларни мактабданоқ касбга тайёрлаш ва таълим босқичлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш бўйича комиссия тузилиб, уч ой ичида янги ечимлар эълон қилинади.
Иқтисодиётнинг технологик ривожи учун математика, физика, кимё ва биологияни чуқур ўқитишга алоҳида эътибор қаратилади. Ўқувчилар сони 25 нафардан ошган синфларда ушбу фанлар икки гуруҳга бўлиб ўқитилади. Миллий сертификатга эга ўқитувчиларга 50 фоиз устама тўланади, ҳар йили 208 та туман ва шаҳардаги етакчи муаллимларга мукофот берилади, минг нафар педагог хорижда стажировка ўтайди. Олимпиада ғолибларини тайёрлаган устозлар тўғридан-тўғри олий тоифага эга бўлади.
Бошланғич синфлар учун ҳам фан олимпиадалари йўлга қўйилади. Келаси йилдан 4-синфлар ўртасидаги танлов ғолиблари компьютер, уларнинг устозлари эса босқичига қараб пул мукофотлари билан рағбатлантирилади. Янги ўқув йилидан 100 та мактабда математика, информатика ва табиий фанлар айрим синфларда тўлиқ инглиз тилида ўқитилади. Ушбу лойиҳа ўқитувчилари ва мактабга тайёрлов гуруҳи педагогларига 100 фоиз устама белгиланади.
Мактаблар фаолиятини баҳолаш учун «сифат индекси» жорий этилади. Таълим натижалари ва педагоглар салоҳиятига қараб муассасалар тоифаларга ажратилади. Илғор мактаблар ўз тажрибаси орқали бошқаларнинг ҳам юқори тоифага ўтишига кўмаклашса, уларнинг педагогик жамоаси 30 фоиз устама олади. Ўқитувчилар малакасини оширишда эса мажбурий бир ойлик курслар ўрнига касбий ривожланиш ваучерлари берилади. Педагоглар ўз натижасига қараб 18 соатдан 72 соатгача бўлган ўқувни мустақил танлайди.
Ўқувчи ўринларига талаб ортиб бораётгани муносабати билан хусусий мактабларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам эълон қилинди. Ўқув юкламаси юқори 52 та туманда уларни ташкил этиш учун имтиёзли кредит ва субсидия ажратилади. Бўш турган давлат бинолари хусусий мактабларга ўн йилга бепул ижарага берилади, халқаро аккредитация харажатининг ярми қопланади. Фарзанди хусусий мактабда ўқийдиган ота-оналар учун солиқ олинмайдиган даромад чегараси икки баробар оширилади.
Алоҳида эҳтиёжга эга болаларнинг тенгдошлари билан бир муҳитда ўқишига ҳам эътибор кучайтирилади. Икки йилда инклюзив шароит яратилган мактаблар сони қарийб беш баробарга ошиб, 3 минг 591 тага етди. Тошкентда иш бошлаган кўп функционал инклюзив ресурс мактаби тажрибаси йил охиригача Хоразм, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида, келгуси икки йилда эса барча ҳудудларда жорий этилади.
Мактабгача таълимда боғча боланинг қобилияти кашф этиладиган масканга айланиши зарурлиги таъкидланди. Илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган, ўйин орқали таълим беришга қаратилган дастур бўйича 180 минг тарбиячи ва педагог ўқитилмоқда. Йил якунига қадар дастур 38 мингдан ортиқ боғчанинг барчасига киритилади. Тошкентда ЮНЕСКО шафелигидаги минтақавий марказ ва Италиянинг Режжио Эмилия маркази фаолияти йўлга қўйилди. Давлат боғчаларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш уч йиллик дастур асосида амалга оширилади.
Ишли оналарни қўллаб-қувватлаш учун келаси йил 1 январдан 2–3 ёшли фарзандини оилавий боғчага берган аёлларнинг бадал пули бюджетдан қопланади. Тарбиячиларга ишлаб туриб олий маълумот олиш имконияти кенгайтирилади. Келаси ўқув йилидан улар учун педагогика олийгоҳларида ўқиш муддати тўрт йилдан уч йилга қисқаради; боғчада камида беш йил ишлаган тарбиячи ёрдамчилари ҳам бундан фойдалана олади.
Касбий таълимда сўнгги икки йилда 104 та техникумга халқаро дастурлар жорий этилди. Техникумларнинг 25 минг корхона билан ҳамкорлиги 100 мингдан зиёд ёшга ўқиш билан бир вақтда даромад топиш имконини берди. Дуал таълимда касб ўрганаётганларга 1 миллион 300 минг сўмгача стипендия тўланмоқда. Келаси йилдан халқаро касб сертификатига эга усталарга 50 фоиз устама берилади, ҳар йили 500 нафар уста хорижда стажировка ўтайди.
Илк бор ўтказилган «Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» касб танловида 170 минг ўқувчи иштирок этди. Танлов ҳар йили ўтказилади, энг муносиб иштирокчилар 2028 йилда Токиодаги касблар бўйича жаҳон чемпионатига тайёрланади. Хусусий техникумлар ташкил этиш учун солиқ ва ер бўйича имтиёзлар берилади. Муҳим соҳаларга кадр тайёрлайдиган бундай муассасалар ўқувчиларининг ярми давлат гранти билан қамраб олинади, халқаро дастурларни олиб келиш ва лабораторияларни жиҳозлаш қўллаб-қувватланади.
Олий таълим ҳақида сўз борар экан, мамлакатимизда талабалар сони 1 миллион 600 мингга етгани, еттита олийгоҳ 17 та фан бўйича халқаро рейтингларга киргани қайд этилди. Шу билан бирга, Президент университетлардаги дарсликлар мазмуни ва мутахассислар тайёрлаш сифати бугунги талабга тўлиқ жавоб бермаётганини танқид қилди. Муҳандислик ва тиббиёт олийгоҳлари замонавий йўналишлар бўйича янги ўқув адабиётларини яратиш, илғор хорижий китобларни таржима ва мослаштириш ишларини кучайтириши зарур.
Ректорларнинг таълим сифати ва натижаси учун масъулияти оширилади. Давлат университетлари кузатув кенгашлари аъзоларининг учдан икки қисми хусусий сектор ва хорижий олийгоҳлар вакилларидан шакллантирилади. Кенгашлар ўқув дастурларини меҳнат бозори талаблари асосида қайта кўриб чиқади, ҳар йили камида 50 та дарслик яратади. Битирув ишлари ва илмий тадқиқотлар иқтисодиёт тармоқларининг амалий масалаларига қаратилади.
Олийгоҳларда халқаро стандартларга асосланган, дунёда тан олинадиган миллий дастурларни кенгайтириш вазифаси қўйилди. Инха ва Архитектура университетлари тажрибаси келаси йилдан яна 20 та олийгоҳда жорий этилади. Бунинг учун уларнинг бошқарув тизими мослаштирилиб, халқаро дастурлар билан ишлайдиган алоҳида тузилмалар ташкил этилади.
Учрашувда олий таълимда «корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр» тамойили асосида дуал таълимни ривожлантириш бўйича имзоланган қарор ҳам муҳокама қилинди. Тизим келаси йилдан 75 та, 2028 йилдан барча олийгоҳларда йўлга қўйилади. Корхоналар ўз эҳтиёжига мос номзодларни ўқитиш учун буюртма беради, улар суҳбат асосида қабул қилинади. Ишга олинган талабага тўланган маошнинг ярмини давлат қоплайди; иш ва ўқишда яхши натижа кўрсатган ёшлар иккинчи курсдан давлат гранти асосида ўқийди.
Шунингдек, корхонадан талабага бириктирилган устозлар рағбатлантирилади, зарур ҳолларда талабанинг ижара харажати қопланади. Дуал таълимни намунали ташкил этган олийгоҳлар ва ҳамкор корхоналарга мукофот берилади. Олийгоҳ олган мукофотнинг ярми бу ишга ҳисса қўшган педагоглар жамоасига йўналтирилади.
Давлатимиз раҳбари дунёнинг энг кучли 300 университети филиалларини мамлакатимизга жалб этиш вазифасини ҳам белгилади. Нуфузли университетлар франшизасини олиб келган хусусий олийгоҳларнинг лаборатория, жиҳоз, бренд ва кампус билан боғлиқ харажатларининг бир қисми қопланади. Муҳандислик, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, сунъий интеллект ҳамда тиббиёт йўналишларига устуворлик берилади.
Учрашув давомида педагогларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди. Якунда Президент устозларни яна бир бор касб байрами билан табриклаб, уларга шогирдлари ютуғи, ота-оналар дуоси ва эл-юрт ҳурмати ҳамиша ҳамроҳ бўлишини тилади.
– Устозни эъзозлаш – бир касб эгасини эмас, бутун бир миллат келажагини эъзозлаш деганидир, – деди давлатимиз раҳбари.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси