Миср туризм компаниялари Ўзбекистонга саёҳатларни кўпайтириш ниятида

Май 11, 2026. 16:00 • 2 дақ

94
Миср туризм компаниялари Ўзбекистонга саёҳатларни кўпайтириш ниятида
Миср туризм компаниялари Ўзбекистонга саёҳатларни кўпайтириш ниятида

ҚОҲИРА, 11 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасида мамлакатнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш ва икки томонлама туризм соҳасидаги ҳамкорликни янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган тақдимот ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Мисрнинг 20 дан ортиқ йирик туризм компаниялари раҳбарлари, экспертлар ва журналистлар иштирок этди. Иштирокчиларга Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси, унинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда мамлакатда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мисрлик ҳамкорлар учун Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар, шунингдек зиёрат, тиббий ва экологик туризм йўналишлари алоҳида қизиқиш уйғотди.

Тадбирнинг амалий ва тижорий жиҳатларини кучайтириш мақсадида “Edem Travel and Property” туризм компанияси вакиллари Миср бозорининг ўзига хос хусусиятлари ва сайёҳлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган махсус турпакетлар тақдимотини ўтказди.

Шунингдек, Ўзбекистонга авиақатнов йўналишлари, транспорт-логистика имкониятлари ҳамда меҳмонхона инфратузилмаси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мисрлик туроператорлар Ўзбекистоннинг янги ва истиқболли туризм йўналиши сифатида катта салоҳиятга эга эканини юқори баҳолаб, қисқа муддатда икки давлат ўртасида барқарор туристлар оқимини йўлга қўйишга тайёр эканликларини билдирди. Шу билан бирга, Ўзбекистондаги хавфсизлик ва меҳмондўстлик даражаси юқори баҳоланди.

Миср туризм соҳаси вакиллари Самарқанд, Бухоро ва Хоразм тарихий манбалар орқали яхши танилган бўлса-да, Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси, ривожланган инфратузилмаси ва яратилган имкониятлари ҳали Миср аҳолисига етарлича таниш эмаслигини қайд этди.

Шу муносабат билан Миср томони туризм компаниялари вакиллари учун “FamTour” форматда махсус танишув саёҳатларини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Иштирокчилар фикрича, бундай саёҳатлар Ўзбекистоннинг замонавий имижини ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва оммавий ахборот платформалари орқали кенг тарғиб қилиш имконини беради.

Ушбу ташаббус доирасида “Zekri Group” компанияси раҳбари Маҳмуд Зекри 13–15 нафар иштирокчидан иборат танишув саёҳати учун Ўзбекистонга авиачипталарни бепул тақдим этишга тайёр эканини маълум қилди.

Тадбирда шу йил июнь ойида Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган V Тошкент халқаро инвестиция форумига бағишланган махсус тақдимот намойиш қилинди.

Миср ишбилармон доираларига Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция киритишнинг афзалликлари, хорижий инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатлар ва солиқ имтиёзлари ҳақида маълумот берилди.

Учрашув якунида иштирокчилар Ўзбекистон билан ҳамкорликни нафақат туризм, балки инвестиция соҳасида ҳам кенгайтиришга қизиқиш билдирди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш