Турк эксперти: Ўзбекистон бой тарихий меросини замон билан уйғунлаштира олаётган кам сонли давлатлардан биридир
Май 11, 2026. 15:30 • 3 дақ
• 103
АНҚАРА, 11 май. /“Дунё” АА/. Туркиянинг етакчи туризм нашри “Tourism Today” журналида туркиялик эксперт Иброҳим Челикнинг Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган таҳлилий мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасини стратегик ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Замонавий инфратузилма яратилмоқда ва мамлакатнинг халқаро туристик нуфузи изчил ошиб бормоқда.
Муаллиф ўзининг Тошкентга илк ташрифи 2015 йилда бўлганини эслайди. Ўша пайтда Ўзбекистоннинг сокин муҳити, кенг ва обод кўчалари, яшил боғлари ва тартибли шаҳар муҳити билан эътибор тортгани, аммо туристик инфратузилма ва хизматлар тури ҳали чекланган бўлгани қайд этилган.
Ўша сафар давомида Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари Иброҳим Челикда катта таассурот қолдирган. Хусусан, Регистон майдони, Амир Темур мақбараси ва Шоҳи-Зинда мажмуаси Шарқ цивилизациясининг буюклигини акс эттирувчи бебаҳо ёдгорликлар сифатида хотирада муҳрланган. Бироқ ўша даврда бу шаҳарлар кўпроқ қисқа саёҳатлар учун мўлжалланган йўналиш сифатида қабул қилинган.
Нашрда қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистон бир-икки кунлик қисқа ташрифлар мамлакати эмас, балки камида бир ҳафталик, баъзан ундан ҳам узоқроқ ўрганишга арзийдиган кўп қатламли ва мазмунли туристик йўналишга айланган. Бу ўзгаришлар аниқ стратегик ёндашув, пухта ўйланган давлат сиёсати ва тизимли ислоҳотлар натижасида амалга ошган.
Статистик маълумотлар ҳам бу ўсишни яққол кўрсатади. Агар 2016 йилда хорижий туристлар сони тахминан 2 миллион нафарни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 11,7 миллионга етган ва тарихий рекорд қайд этилган.
Туризм даромадларининг ўсиши ҳам диққатга сазовордир. 2015 йилда 500 миллион АҚШ долларини ташкил этган туризм даромади 2025 йилда 4,8 миллиард АҚШ долларига етган.
Муаллиф туристик оқимлар географияси сезиларли даражада кенгайганини алоҳида таъкидлайди. Илгари асосан минтақавий сайёҳлар устунлик қилган бўлса, ҳозир Европа, Ҳиндистон, Хитой, Япония, Индонезия, Малайзия, Россия, Туркия ва Яқин Шарқ мамлакатларидан келувчи туристлар сони сезиларли ошган. Бу Ўзбекистоннинг минтақавий туристик марказдан глобал туристик йўналишга айланаётганини кўрсатади.
Мақолада пойтахт қиёфасидаги ўзгаришлар “Tashkent City” лойиҳаси мисолида алоҳида қайд этилган. Замонавий руҳда шаклланаётган янги Тошкент савдо, хизмат кўрсатиш, маданий ва дам олиш имкониятларини бирлаштирувчи минтақавий мегаполис қиёфасини олмоқда. Шунингдек, жорий йилда очилган Ислом цивилизацияси маркази нафақат архитектура жиҳатидан, балки мазмунан ҳам чуқур илмий-маърифий аҳамиятга эга мажмуа сифатида таърифланган.
“Tourism Today”да таъкидланишича, Ўзбекистон бой тарихий меросни замонавий ривожланиш билан уйғунлаштира олаётган кам сонли давлатлардан бирига айланмоқда. Қадимий Буюк Ипак йўли марказида жойлашган мамлакат ўзининг шонли ўтмиши билан бирга, келажакка қатъий интилувчи давлат сифатида дунё эътиборини тобора кўпроқ жалб этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Марцин Куласек: Польша–Ўзбекистон ректорлар форуми доирасида 70 та келишув имзоланди



