Ўзбекистон элчиси БАА Президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Сентябрь 07, 2026. 16:00 • 2 дақ

196
Ўзбекистон элчиси БАА Президентига ишонч ёрлиқларини топширди

АБУ-ДАБИ, 7 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Умид Шадиев БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаёнга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Абу-Дабидаги “Қаср Ал-Ватан” расмий қароргоҳида бўлиб ўтган тантанали маросимда давлат раҳбари янги тайинланган хорижлик элчилар, хусусан, Ўзбекистон вакилининг ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

Суҳбат чоғида БАА Президенти икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолатини юқори баҳолаб, элчига Ўзбекистон ва Амирликлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, айниқса, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм соҳаларидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги масъулиятли фаолиятида муваффақият тилади.

БАА раҳбарияти элчининг дипломатик миссиясини самарали амалга ошириши учун барча зарур шароитларни яратиб беришга тайёрлигини билдирди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон элчиси БАА Президентига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эҳтиромини етказди. Дипломат икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли олий даражадаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани ва бундан буён ҳам стратегик шерикликни кенгайтириш учун бор куч-ғайратини сафарбар қилишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Умид Шодиев 2022–2025 йилларда мамлакатимизнинг БААдаги элчихонасига раҳбарлик қилган ва 2025 йил декабрь ойида Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси этиб тайинланган Абдулазиз Аққулов ўрнига тайинланган эди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш