Logo

Ўзбекистон элчиси Туркманистон савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири билан учрашди

Февраль 25, 2026. 17:09 • 2 дақ

189
Ўзбекистон элчиси Туркманистон савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири билан учрашди

АШХОБОД, 26 февраль. /“Дунё” АА/. Ашхобод шаҳрида Ўзбекистон элчиси Равшанбек Алимов ҳамда Туркманистон савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Назар Агаханов ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида икки қардош давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, жорий йилда режалаштирилган қўшма тадбирлар графиги кўриб чиқилиб, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг икки томонлама алоқаларни жадаллаштиришдаги муҳим ўрни алоҳида қайд этилди.

Учрашувда иқтисодий алоқаларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб бораётгани ҳам эътироф этилди. Таъкидланганидек, 2025 йил 25 февралдан бошлаб Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режимининг жорий этилиши ўзаро товар айланмаси ҳажмини кескин ошириш учун мустаҳкам замин яратди. Бу эса икки мамлакат тадбиркорлари учун янги бозорларни ўзлаштиришда кенг имконият эшигини очади.

Минтақалараро ҳамкорлик масалаларига тўхталар экан, томонлар Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг ўтган йил ноябрь ойида Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи якунларига юқори баҳо берди. Ушбу ташриф доирасида “Шовот – Дашогуз” чегараолди савдо зонасининг ишга туширилиши чегарадош ҳудудлар ўртасидаги манфаатли алоқаларни янги босқичга олиб чиққан тарихий воқеа сифатида баҳоланди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Туркманистон корхоналари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш, қўшма ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда транзит-транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича келишувларга эришилди. Бу каби мулоқотлар икки давлат раҳбарлари томонидан белгилаб берилган стратегик шериклик тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш