"National Geographic Traveler" журнали Ўзбекистон шаҳарларини Осиёдаги энг гўзал топ-30 талигига киритди
Февраль 26, 2026. 10:34 • 2 дақ
• 93ВАРШАВА, 26 февраль. / “Дунё” АА/. Халқаро нуфузли “National Geographic Traveler” журналида польшалик ёзувчи ва журналист Агнешка Франуснинг Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ҳамда туризм салоҳияти ҳақидаги мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрнинг ушбу сони “Осиёнинг 30 та энг гўзал шаҳри” йўналишига бағишланди. Мақола муаллифи Ўзбекистонни минтақанинг энг жозибадор сайёҳлик йўналишларидан бири сифатида эътироф этиб, унинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор архитектураси ва Буюк Ипак йўли шаҳарларининг ўзига хос муҳити ҳақида фикр билдирган. Материалда Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг минтақа цивилизациясидаги ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган. Агнешка Франус тарихий объектларнинг юқори даражада сақлангани ва жозибадор эканини таъкидлайди.
Нашрда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган меъморий ёдгорликларга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Регистон ансамбли, Шоҳи Зинда мажмуаси, Бибихоним масжиди, Амир Темур мақбараси, Бухоронинг тарихий маркази Арк қўрғони ва Пойи Калон ансамбли, Хива шаҳридаги ноёб меъморий мажмуа – Ичан қалъа ёдгорликлари шулар жумласидандир.
Шунингдек, нашрда саёҳатчилар учун замонавий шароитлар, жумладан, ривожланган транспорт инфратузилмаси, сайёҳлик хизматларининг мавжудлиги ва маҳаллий аҳолининг жуда меҳмондўстлиги тавсифланган. Ўзбекистоннинг миллий таомлари, овқатларнинг хилма-хиллиги, чой ичиш ва меҳмон кутиш анъаналари билан боғлиқ маданий хусусиятлар хусусида ҳам сўз юритилган.
Журналист мамлакат бўйлаб саёҳат хавфсизлиги, мустақил саёҳат қулайлиги, туристик хизматлар нархи ва сифатининг қулай нисбатига эътибор қаратади. Таъкидланишича, олдиндан тузилган маршрут бўлмаса ҳам, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қулай ва таассуротларга бой бўлиб қолаверади.
Бундан ташқари, мақолада мамлакатнинг табиий-географик хусусиятлари, жумладан, чўл ва тоғ ландшафтлари, минтақанинг Буюк Ипак йўлининг асосий тугуни сифатидаги тарихий аҳамияти ҳақида сўз боради. Қорақалпоғистон ва Хоразмнинг қадимий қалъаларига саёҳатнинг тавсифи алоҳида қизиқиш уйғотади.
Умуман олганда, материал ёрқин ифодаланган ижобий характерга эга бўлиб, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда хавфсиз, меҳмондўст ва юксак туризм салоҳиятига эга маданий бой давлат сифатидаги ижобий имижини шакллантиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



