Ўзбекистон элчиси Саудия Арабистони Халқаро араб тили академиясида таҳсил олаётган ўзбек ёшлари билан суҳбат ўтказди
Февраль 19, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 76
АР-РИЁЗ, 19 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Қирол Салмон номидаги Халқаро араб тили академиясида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Нодиржон Турғуновнинг таъкидлашича, бугунги кунда ушбу академияда тўққиз нафар юртимиз ёшлари араб тили ўрганиш курсларида тўлиқ грант асосида таҳсил олмоқда. Улардан икки нафари малака ошириш ҳамда етти нафари бошланғич араб тили курсларида ўқимоқда.
Учрашув давомида талабаларнинг ўқиш жараёни, яшаш шароити ва уларни қийнаётган масалалар юзасидан фикр-мулоҳаза алмашилди. Талабаларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди, уларни қўллаб-қувватлаш, зарур ҳолларда амалий ёрдам кўрсатилиши таъкидланди.
Дипломатлар Саудия Арабистони олийгоҳларида ўқишни давом эттириш истагида бўлган ёшлар учун зарур шарт-шароитларнинг мавжудлиги, етук мутахассис бўлиши учун давлат томонидан кенг имкониятлар берилаётгани атрофлича тушунтирилди.
Шу билан бирга, диний йўналишда таълим олган ёшлар айрим ҳолларда мазҳаб масаласида иккиланишларга дуч келаётгани, ачинарлиси, улар орасида радикаллашув аломатлари кузатилаётгани айтилди. Фуқароларимизнинг турли террористик ташкилотлар ёки экстремистик оқимларга аралашишига уларнинг диний билимсизлиги сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Учрашувда Саудиядаги таълим имкониятлари, араб тилини чуқур ўрганиш афзалликлари ҳамда келгусидаги касбий ривожланиш истиқболлари ҳақида фикр алмашилди. Талабалар элчихона дипломатларига доимий равишда эътибор кўрсатилаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
