Будапештдан табрик: Ўзбек тилини улуғлаш бебаҳо меросни эъзозлашдир

Октябрь 22, 2026. 21:30 • 3 дақ

• 128
Будапештдан табрик: Ўзбек тилини улуғлаш бебаҳо меросни эъзозлашдир

БУДАПЕШТ, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Этвош Лоранд номидаги Будапешт университети Шарқшунослик институти директори, профессор Бенедек Пери Ўзбек тили байрами муносабати билан халқимизга табрик йўллади:

– Ўзбек тилини улуғлар эканмиз, биз фақат мулоқот воситасини эмас, балки бой адабий анъаналар, асрлар оша яшаб келаётган маданий мерос, ўтмишни бугунги кун билан боғлаб турган бетакрор тилни ҳам тараннум этамиз.

Ўзбек тили тарихи туркий халқлар оламининг буюк шоир ва мутафаккирларидан бири Алишер Навоий номи билан чамбарчас боғлиқ. Навоий бой ижоди орқали туркий тилда инсон қалбининг энг теран туйғулари ва тафаккурини ифодалади.

Навоий ўзининг машҳур “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркий тилни форсий тил билан қиёслаб, унинг бадиий имкониятларини асослаб берди. Унинг буюк ижоди фақат юксак бадиий қийматга эга шеърлар яратиш билангина чекланмайди. У Марказий Осиё бўйлаб авлоддан-авлодга ўтиб, кўплаб шоир ва ёзувчиларни илҳомлантириб келган адабий анъананинг қарор топишига ҳам улкан ҳисса қўшди.

Навоийнинг энг машҳур ҳикматли сўзларидан бири бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган муҳим бир тамойилни ифодалайди: “Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз”.

Бу ҳикматли сўзлар бизга тил шунчаки сўзлар ва грамматик қоидалар мажмуи эмаслигини эслатади. Тил муайян халқнинг умумий хотираси, қадриятлари, тасаввур олами ва дунёни англаш тарзини ўзида мужассам этади.

Шунингдек ўқинг

Замонавий ўзбек тили асрлар давомида шаклланиб, тараққий этиб келган. Шу боис уни Навоий яшаган даврдаги чиғатой тили билан айнан бир нарса деб қараш тўғри бўлмайди. Шунга қарамай, Навоийнинг саъй-ҳаракатлари билан юксак босқичга кўтарилган адабий мерос бугун ҳам ўзбек маданий ўзлигининг ажралмас қисмидир.

Бугунги ўзбек тили соҳиблари ана шу анъананинг ворисларидир. Улар нафақат тарихий илдизлари туфайли, балки ўтмиш асарларини мутолаа қилиш, талқин этиш ва уларга янгича ҳаёт бағишлаш орқали ҳам бу меросни давом эттирмоқда.

Ўзбек тилини улуғлаш бебаҳо меросни эъзозлашдир. Ҳар бир авлод ўз тилини бойитиш, унинг адабий хазиналарини асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш имкониятига эга.

Магистратура босқичида таҳсил олаётган талабаларим билан чиғатой тили дарсини ўтказдим. Дарс давомида замонавий ўзбек тилининг тарихи ва бугунги ҳолатига оид муҳим масалаларни муҳокама қилиб, Ўзбек тили байрамини нишонладик.

Ўзбек тили адабиёт, илм-фан, ижод ва кундалик ҳаёт тили сифатида ҳамиша равнақ топиб бораверсин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш