ЖССТ вакили: Эрта ташхис ва ўз вақтида даволаш болалар онкологиясида ҳал қилувчи аҳамиятга эга
Октябрь 22, 2026. 21:00 • 2 дақ
• 106
САМАРҚАНД, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақавий бюроси мутахассиси Виталий Семенов “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида Марказий Осиё мамлакатларида болалар ўртасида онкологик касалликларга қарши кураш самарадорлигини ошириш борасида фикр билдирди:
– Фаолиятимнинг асосий йўналиши ЖССТга аъзо мамлакатларга болалар онкологияси соҳасида тиббий ёрдамни такомиллаштириш ва ушбу касалликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишда кўмаклашишдан иборат.
Бу жуда муҳим ва айни пайтда ҳаётий аҳамиятга эга масала. Марказий Осиё мамлакатлари болалар онкологияси соҳасида бир-бирига яқин муаммоларга дуч келмоқда. Демографик омиллар, жумладан, болалар сонининг ортиши келгусида онкологик касалликлар аниқланадиган болаларнинг мутлақ сони кўпайишига олиб келиши мумкин. Бу эса соғлиқни сақлаш тизимлари олдига янги вазифаларни қўяди.
Шу боис, ҳозир биз барча мамлакатлар биргаликда вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилиши зарур бўлган муҳим босқичдамиз. Олдимизда кўплаб вазифалар турган бўлса-да, мувофиқлаштирилган ҳаракатлар орқали сезиларли натижаларга эришиш мумкин.
Болалар онкологиясининг ўзига хос жиҳати шундаки, катталардаги айрим саратон турларидан фарқли равишда, болаларда учрайдиган кўплаб онкологик касалликларнинг олдини олиш имкониятлари чекланган. Шунинг учун касалликни эрта аниқлаш ва тўғри ташхис қўйиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Бунинг учун замонавий тиббий ускуналар, малакали мутахассислар ва самарали диагностика тизими зарур. Ташхис қўйилганидан кейин эса даволашни кечиктирмасдан бошлаш, замонавий дори воситаларидан фойдаланиш ва ягона клиник протоколларга амал қилиш муҳимдир.
ЖССТ Европа минтақавий бюроси доирасида амалга оширилган “TITIka” лойиҳаси ҳам айнан шу мақсад – ташхис қўйиш ва даволашни бошлаш ўртасидаги вақтни қисқартиришга қаратилган. Бундай тажрибаларни бошқа мамлакатларда ҳам қўллаш болаларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириши мумкин.
Асосий мақсадимиз – минтақадаги мамлакатлар ўртасида тажриба алмашишни кучайтириш, самарали тиббий ёндашувларни кенг жорий этиш ва энг муҳими, болалар ҳаётини сақлаб қолишдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси