Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон мактабларини битирувчи ўғил-қизларга табриги

Май 25, 2026. 09:17 • 4 дақ

6
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон мактабларини битирувчи ўғил-қизларга табриги

(2026 йил 25 май, Тошкент ш.)

 

Азиз фарзандларим, ҳурматли устоз ва мураббийлар, муҳтарам ота-оналар!

Бугун мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида “сўнгги қўнғироқ”лар янграб, байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Мана шу ҳаяжонли дамларда 472 минг нафар ўғил-қизларимиз мактаб таълимини тугатиб, катта ҳаётга йўлланма олмоқда.

Ана шундай унутилмас айём билан барчангизни чин қалбимдан самимий табриклайман.

Биз бугун келажак режаларини тузаётган сиздек фарзандларимиз тимсолида Янги Ўзбекистонни дунёга тараннум этадиган бунёдкор кучни кўрамиз.

Жорий йил биринчи марта 11 минг нафардан зиёд фарзандларимиз мактабни олтин ва кумуш медаллар билан тамомламоқда. Бундай интилувчан ўғил-қизларимиз келажакда ҳам ўз тенгдошларига намуна бўлиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшади деб ишонаман.

Ҳар бир мактаб битирувчисининг ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши учун ҳозирги кунда катта куч ва имкониятларимизни сафарбар этяпмиз.

Албатта, бугунги битирувчи – эртанги муҳандис, шифокор, олим, шоир ва адиб, тадбиркор дегани. Бугунги битирувчи – Учинчи Ренессанс бунёдкори дегани. Сизлар Янги Ўзбекистоннинг энг катта ишончи ва таянчисиз.

Мамлакатимизда 207 та олийгоҳ ва 643 та техникум сизларга замонавий билим, касб ва малака беришга тайёр. Тиришқоқ, ўз кучига ишонган ёшларимиз ҳали мактабни тугатмасдан туриб, юртимиздаги, чет элдаги нуфузли олийгоҳларга киришга улгурди. Масалан, 171 нафар ёшларимиз дунёнинг етакчи университетларига, яна минглаб битирувчилар мамлакатимиздаги олийгоҳларга қабул қилинди.

Ана шу фарзандларимни, уларнинг ота-оналари ва устозларини бундай ютуқлари билан чин дилдан табриклайман.

 

Азиз битирувчилар!

Ўзингиз кўряпсиз, бугун ҳаёт ҳам, меҳнат бозоридаги талаб ҳам шиддат билан ўзгариб бормоқда. Янги-янги касблар пайдо бўляпти. Тил, касб, компьютер саводхонлиги ва мустақил даромад топиш кўникмасини эгаллаш муҳим заруратга айланмоқда. Меҳнат бозори энди, аввало, “ҳужжат” эмас, амалий билим, малака ва натижа сўраяпти.

Бугун қишлоқдаги оддий мактаб битирувчиси эртага дунё тан оладиган олим бўлади. Бугун олдига катта мақсадлар қўйган, интилувчан, изланувчан ёшларимиз эртага миллионлаб инсонларга хизмат қиладиган технологияларни яратади. Бугун китоб ўқиётган бир қизалоқ эртага мамлакат тараққиётини янги босқичга олиб чиқадиган фарзандларни тарбиялайди.

Шу боис, ҳар бирингиз камида биттадан хорижий тил ва замонавий касбни эгаллашга ҳаракат қилинг. Бу келажакка очилган эшик, сиз учун қўшимча имконият ва рағбатдир.

Тадбиркор бўлишни истайдиган ёшларимиз учун банклар жорий йил 25 триллион сўм арзон кредитлар таклиф этмоқда. Стартап лойиҳаларини бошлаган битирувчиларга эса 100 миллион доллар маблағ тайёрлаб қўйганмиз. Энг йирик АT компаниялар ҳар йили камида 50 минг битирувчини сунъий интеллект бўйича ўқитиб, юқори даромадли ишга жойлаштиришга тайёр. Келгуси йилларда 168 минг гектар супер интенсив саноатлашган боғлар ташкил қиламиз. Мазкур лойиҳаларда қатнашмоқчи бўлган болаларимни мен доим қўллаб-қувватлайман.

Мана шу янги соҳаларда сизлар, албатта, ўз касбингизнинг ҳақиқий эгаси бўласиз!

 

Қадрли фарзандларим!

Шунингдек ўқинг

Бугунги тез ўзгараётган даврда ҳаётга, унинг кескин талабларига тайёр бўлиш бу – энг муҳим вазифа.

Ушбу йўлда сизлар учун энг яқин дўст ва энг кучли қурол – китобдир. Чунки китоб – нур, илм ва ибрат манбаи. Кўп китоб ўқиган инсон ҳеч қачон тўғри йўлдан адашмайди, кучли ирода, кенг дунёқарашга эга бўлади.

Бугунги ҳаётимизда сизлар учун ўрнак бўладиган ютуқларимиз, ёш-ёш қаҳрамонларимиз кўп. Тўрт-беш йил олдин мактабни тугатган Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Абдуқодир Ҳусанов каби машҳур спортчиларимиз шахмат ва футбол оламида бутун дунёни қойил қолдирмоқда.

Ёш кино ижодкорларимиз суратга олган қисқа метражли фильм Канн халқаро кинофестивали доирасидаги инклюзив фильмлар фестивалида Гран-при мукофотини олишга сазовор бўлди.

Куни кеча футбол бўйича миллий терма жамоамизни жаҳон чемпионатига катта тантана билан кузатдик.

Барчамизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайдиган бундай ютуқлар илгари тарихимизда ҳеч қачон бўлмаган.

Кўряпсизларми, чин дилдан интилса, ҳаракат қилса, Янги Ўзбекистон ёшлари қандай буюк марраларни забт этишга қодир!

Мен ишонаман, сизларнинг орангиздан ҳам ана шундай миллат қаҳрамонлари, Янги Ўзбекистон ифтихорлари етишиб чиқади!

Бу дунёда ҳар бир онгли инсон ота-онаси, устозлари ва эл-юрти ишончини оқлашга интилиб яшайди. Инсон учун энг улуғ бахт, улкан шараф аслида шу.

Сиз бугун мактабни тугатдингиз, лекин катта ҳаёт мактаби энди бошланмоқда.

Мен сизларга ана шундай тенгсиз бахт, юксак саодат эгаси бўлишларингизни тилайман.

Олдингизга катта мақсадлар қўйишдан ҳеч қачон қўрқманг!

Ўзингизга ишониб, ҳамиша олға боринг!

Доимо ўзгаришлар, ислоҳотлар руҳи билан яшайдиган авлод бўлинг!

Шу йўлдаги илк қадамларингиз қутлуғ ва баракали бўлсин!

Барчангизга бахт ва омад ҳамиша ёр бўлсин, азиз фарзандларим!

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш